10 May 2015
18:02 - Масхарабоз режимбошимиз Москвадаги парадда қатнашмабди, Ўзбекистоннинг келажаги нима бўлади?

Бу ҳақда Ўзбекистон ахборот воситалари мум тишламоқдалар. Лекин, “Ҳаракат” агентлиги кечаги хабарида Москвадаги парадга оид Россияда тарқатилган расмларнинг биронтасида Режимбоши кўринмаганини таъкидланган эди. Ўзбекистонда бугун тарқатилган расмий хабарга қараганда, Ислом Карим айнан бугун соат 14:30 да Тошкентда Мустақиллик майдонига кириб келиб, Мотамсаро Она ҳайкали пойига гулчамбар қўйибди.

Демак, у Москвада парадга қатнашмаган, худди Белорусия Президенти Лукашенко каби, 8 майда МДҲнинг норасмий саммитида қатнашиб, кейин Тошкентга қайтган. Лукашенко баҳона сифатида Минскда ҳарбий парадда қатнашиши кераклигини айтганди, Ўзбекистон режимбошиси ўз соғлигини баҳона қилиб кўрсатгани шубҳасиз.

У бечоранинг аҳволи Путин билан учрашув пайтида ҳамда МДҲ саммитида олинган ва Ўзбекистонда ҳам баъзи нашрларда тарқатилган расмлардан ҳам кўриниб турибди. Шу пайтгача қўғирчоқ ахборот воситалари Ислом Каримниннг яхшилаб ретуш қилинган, уни қирчиллама йигитдек қилиб кўрсатувчи расмларини тарқатишарди.

Тўғри, бугун Мустақиллик майдонида олинган расм яна ретуш қилинган бўлса ҳам, режимбошини ёш йигитдек қилиб кўрсатишолмабди.

Режимбоши Мотамсаро Она ҳайкали пойига гулчамбар қўйгандан кейин, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбат қилибди ва масхарабоз эканлигини тасдиқлаш учун бўлса керак, миллат ва мамлакатнинг бугунги аҳволини баланд парвоз сўзлар билан ифодалаб бўлгач, шундай хулосага келибди: “Буларнинг барчасини Ўзбекистонимиз Оллоҳнинг назари тушган табаррук юрт эканининг, Худонинг ўзи йўлимизни очиб бераётганининг тасдиғи деб биламиз.”

Бундан ортиқ масхарабозлик бўлиши мумкинми? Мамлактимизнинг ҳақиқий аҳволи шундан иборатки, аҳолининг ўртача ойлиги бўйича қўшниларимиз Қозоғистон ва Туркманистондан 8 ва 6 баравар орқадамиз. Ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олишади. Миллионлаб ўзбекалар ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояланмаган ҳолда, ойлаб-йиллаб ўз оиласини кўрмасдан Россия, Қозоғистон, Туркия ва бошқа мамлакатларда мардикорлик қилмоқдалар. Ўзбекистондек давлатнинг бюджети ўша мардикорларнинг ўз оилаларини боқиш учун юбораётган сал кам 10 млрд доллар пуллари эвазига оёқда турибди.

Масхарабоз Ислом Каримга кўра, булар бизга Оллоҳнинг назари тушгани эмиш. Унинг аҳмоқона гапларига индамасдан қулоқ солиб ўтирган ўзбек журналистлари одам ҳам эмаслар. Аммо, ўзбек халқи ҳам улардан узоққа кета олаётгани йўқ.

“Ҳаракат” Агентлиги ҳар доим “бировга ўлим тилагандан кўра, ўзингга соғлиқ тила” мақолига амал қилаётганини очиқча айтиб келади. Бизга қолса, у юз эмас, минг йил яшасин. Аммо, президентликдан тезроқ истеъфога кетиши ёки кетказилиши керак. Чунки, гап унинг ёшида ҳам эмас, давлат миқёсидаги муаммоларни, жаҳонда бўлаётган жараёнларни нафақат баҳолай олмаслигида, ҳатто тушунмаслигидадир. Айнан шу сабабдан, унинг босими ва саводсизларча бошқаруви остида ўзбек миллати миллат сифатини, Ўзбекистон давлати давлат сифатини йўқотиб бўлди.

Миллат ва Ватаннинг бугунги аянчли аҳволига тўғри баҳони фақат ва фақат “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги бермоқда. Бу – касалликга тўғри диагноз қўйишдир. Касалликни даволаш йўлларини ҳам фақат ва фақат “Бирлик” ва “Ҳаракат” кўрсатмоқда. Ўзбек миллати тезроқ ғафлат уйқусидан уйғониб, “Бирлик”ни байроқ қилиб кўтаришдан бошқа йўли йўқ.