09 May 2015
19:08 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Пастдарғомдаги мактабнинг ҳолига маймунлар йиғлайди”

Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов ўқимасин!

Самарқанд вилоят Пастдарғом туманидаги Замира Усмонова раҳбарлик килаётган 82- мактаб аллақачон авария ҳолатига келган. Ўз вақтида қурилган мактаб 3 қаватли бўлиб, унинг юқори қаватлари қулаб тушиш даражасида. Мактабнинг бундай ҳолти Самарқанддаги мутасадди ташкилотларни умуман қизиқтирмайди. Директор Усмонова мактаб таъмирланиши учун ҳар йили педагогик жамоа ва ўқувчилардан пул йиғиб олади, аммо бу пулларнинг қаерга кетаётганини ҳеч ким билмайди.

Мактабдаги таълим сифати ҳам шунга яраша, мутлақо талабга жавоб бермайди. Ўқитувчилар янги педтехнологиялар билан таниш эмас. Мактаб электр тармоғидан узиб ташланган. Давлатимиз томонидан берилган компютерлар қоронғу хоналарда чанг босиб ётибди. Мактабда ҳалиям эски тузум йўналишида дарс ўтилади.
Ўқитувчилар дарсни хоҳласа ўтади, хоҳламаса йўқ. Шу боис ҳам туман аҳолиси болаларини бошка туман мактабларига ўқиш учун жўнатишга мажбур бўлишяпти. Мактабда ўқувчилар давомати жуда паст, буни текширадиган бирор ташкилот йўқ. Ўқувчиларнинг кўпчилиги мактабга бормайди.

На директор Замира Усмонова, на юқори маориф идораларини мактабнинг аҳволи ҳам, таълим сифати ҳам мутлақо қизиқтирмайди. У ўз ҳамёнини тўлдириш билан оввора.

Мактабда ҳатто ўқитувчиларнинг маоши ҳам тўғри берилмайди. Шу биосдан ҳа ўқитувчиларнинг меҳнатга, таълимга муносабати шунга яраша. Директор фонди қаёққа кетмоқда, мактаб фонди-чи, дейдиган бирор мард йўқ. Агар юқори ташкилотлардан текширув бўлиб қолса, бу борада раҳбарнинг маҳоратига тан бериш лозим: директор дарров оғиз ёпиш учун ўқитувчиларнинг ҳамёнига чанг солади.

Яқинда ўзини осиб ўлдирган ўқувчи воқеаси халқаро интерент тармоғида шов-шув бўлиб кетди, аммо иши юзасидан прокуратура текшируви жараёнида директор ўқитувчиларнинг ҳғар биридан олинган 30 минг сўм эвазига терговчининг оғзини мойлади. Текширувлар ҳам «хужакурсин»га. Лоқайдлик шу даражадаки, ўша ўлган ўқувчига ўлган ва кўмишган кунларига ҳам журналга баҳо қўйилган.

Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр, дейдилар. Шу боис тумандаги болалар боғчаларининг ҳолатини гапирмаса ҳам бўлади. Ишбилармон «учар» боғча мудиралари болалар сонини ошириб кўрсатиб, давлатдан аслида мавжуд бўлмаган болалар учун озиқ-овқат маҳсулотлари олишади. Олинган озиқ-овқатлар эса ҳеч қачон боғчага етиб келмайди. Бу ишлари билан боғча мудиралари давлатга катта зарар етказмокда. Бунга Гўзалкент қўрғонидаги Наврўз болалар боғчаси яққол исбот бўла олади.

Балиқ бошидан… деганларидек, Пастдаргом туман ХТБ бошлиғи Очил Ҳайдаров ўз ишига мутлақо нолойиқ. Қўш хотинли бу алломани таълим қизиқтирмайди. Очил Хайдаровнинг вақти ресторан-у, кафелардан ёки у ер бу ерда яшириниб қимор ўйнаш-у, маишатбозликдан ортмайди.

Ишқилиб, бу аҳволни Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов ўқимасин-да, ким билади, бу зот Пастдарғом тажрибасини бутун мамлактга ёйиб юборадими? Аксинча, вазир ўз лавозимига лойиқ бўлганида ҳолига маймунлар йиғлаётган бу мактабнинг аҳволидан хабардор бўларди.

Наргиза Қиёмова
Самарқанд вилояти Пастидарғом тумани

Таҳририят: Мамлакатимизнинг, хусусан, таълим соҳасидаги аҳволимизга кўз юммасдан, бир нарсалар қидишга ҳаракат қилаётган, энг камида, бор муаммоларга ҳамманинг эътиборини қаратишга интилаётган Наргиза Қиёмова каби инсонлар борлиги қувончлидир. Қана энди, бу аёл каби ҳақиқий зиёлилар кўп бўлса эди, мавжуд режим бошида ўтирганлар аҳволни тузатиш учун ишлашга мажбур бўлишарди. Бўш келманг, Наргиза Қиёмова, биз Сиз билан.