08 May 2015
19:43 - ЎЗБЕКИСТОНДА СЎЗ ВА ИБОРАЛАРНИНГ “ҚОРА РЎЙХАТ”И ТУЗИЛГАНМИ?! (“Эзгулик” жамиятининг пресс релиз №19, 08.05.2015)
“Комьютеримдаги файллар сақланган папкаларнинг бирини “масжид” деб номлаганим ва “Эзгулик” жамияти Сирдарё вилояти бўлими фаоллари томонидан олиб келинган фуқароларнинг шикоятларини кўчириб берганим учун Гулистон шаҳар ИИБ ходимлари томонидан таъқибга учрадим. Улар компьютерингни қаттиқ дискидан давлатга қарши материаллар, сиёсий гаплар чиқди дейишди” деб ёзди жамиятимизга Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани Беруний маҳалласида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Сайфиддин Бектемиров.

Маълум бўлишича, Сайфиддин Бектемиров 2015 йилнинг 4 февраль куни Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар ИИБ ходимлари Суннат (?), Ином (?) томонидан таъқиб остига олинган. ИИБ ходимлари порнографик фотосуратларни қидириш баҳонаси билан бир неча марта қаттиқ дискларни ечиб олиб кетишган. Милиция ходимлари компьютер маркази ишчиларини Ўзбекистон конституциявий тузумига таҳдид солувчи материаллар тарқатганлик айби билан қўрқитиб, уларнинг озодлигига таҳдид қилишган ва ҳоказо.

Ҳаётнинг жиддий синовлари боис кишиларга компьютер хизматлари кўрсатиш, шикоят-хатларни кўчириш, бошқа материаллар матнларини териб бериш билан шуғулланаётган 26 яшар Сайфиддиннинг шикоятидаги гаплар ҳар қандай соғлом фикрловчи шахсда “Қайси даврда, қандай давлатда яшаяпмиз?!” деган ҳақли савол уйғотади. Масалан, уни Сирдарё вилоятидаги “Ҳазрати Билол” жомъе масжидининг йиғилиши баённомасини териб беришда айблашган. “Эзгулик” жамиятининг Ўзбекистон Бош прокуратураси, Президент девони, Адлия вазирлиги сингари ташкилотларга йўллаган расмий хатларини кўчириб бергани учун таъқиб қилишган.

Ҳолбуки, жомъе масжид ҳам, тилга олинган инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳам расмий давлат рўйхатига олинган муассасалар бўлиб, улар Адлия органи олдида ҳисобдор. Аммо юқоридан берилган махсус инструкцияга кўра, инсон ҳуқуқлари, диний ташкилотлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида алоҳида хавотир уйғотувчи муассасалардир. Демак, гап юқорида, сиёсатда!.. “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият”, “Ўзбекистон дин, эътиқод эркинлиги тимсоли” дейилаётган мамлакатда сиёсат бошқа, амал бошқа.

Терроризм ва диний эктремизмга қарши курашаётган ривожланган мамлакатларда ҳам турли диний ибораларнинг “қора рўйхат”и тузилгани, террор, уни молиялашнинг олдини олишда хавфсизлик чоралари кучайтирилаётганини кўп марта эшитяпмиз. Аммо уларнинг барчаси қонун доирасида, аввал масаланинг ҳуқуқий асоси яратилади, қонун қабул қилинади, сўнг у амалга оширилади. Ўзбекистонннинг бош қомусида эса: “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи хоҳлаган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга...” дейилган.

Конституцияга қарши иш тутаётган сирдарёлик миршаблар олий бош қомусимиз орқали конституцион тузумга тажовуз қилишмоқда, давлатни ағдариш, тузумни ўзгартириш учун зимдан иш олиб боришмоқда. Одамларни қўрқитиш, уларнинг руҳий ҳаловатини дестабилизация қилиш билан миллий манфаатларимизга зид фаолият олиб боришмоқда. Бу ҳолат юзасидан шубҳасиз мамлакатнинг янги тайинланган Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев изоҳ бериши, прокурорлик чоралари қўллаши лозим!