07 May 2015
17:46 - СОХТА АЙБЛОВЛАР БИЛАН ҚАТАҒОН ҚИЛИШНИНГ ЧЕКИ БОРМИ?! (“Эзгулик” жамиятининг пресс релизи - №18, 04.05.2015)
Қатағон дейишдан ўзимизни тўхтата олмадик. Боиси сохта айбловлар, қама-қама, ноқонуний судларнинг чеки чегараси бўлмаяпти. Жамиятимизга шу хусусда мурожаат қилаётганларнинг айтишича, ҳукумат тизимида уларнинг арз-додини эшитадиган бир мусулмон марднинг ўзи йўқ. Хоразм вилояти Шовот тумани, “Қиёт” қишлоғи “Идали - Қалъа” маҳалласида истиқомат қилувчи Ваисовлар ҳамда Боғот тумани “Деҳқонобод” қишлоғи, “Саидалижон” маҳалласида истиқомат қилувчи Жуманиёзовлар хонадонидан ариза тушди. Уларга кўра, 1986 йилда туғилган Ваисов Вохид Камилович ва 1987 йилда туғилган Жуманиёзов Расул Муратовичлар 2013 -2014 йиллар давомида Россия Федерациясининг Воронеж шаҳрига мавсумий ишлаш учун кетиб, бир йилдан сўнг қайтиб келишган. Уйга келган замоноқ участка нозири кунда - кун ора хизмат хонасига чақириб уларга таҳдид билан Россияда қанча пул ишлаб келганини, шу пуллардан солиқ тўлаш кераклиги, акс ҳолда қаматиб юбориши мумкунлигини айтган. Йигитлар аслида Россияда иш топа олишмагани, топишса ҳам кам хақ тўлашлигини айтишгани сари участка нозирининг фиғони фалакка кўтарилса кўтарилганки, инсофга келмаган.

Бир қанча вақт ўтмай, йигитларга кўчада, гўё безорилик содир этганликда айблаб олдинига маъмурий тартибда, уларга қийноқ камераларида обдон ишлов берилгач, кейинчалик Жиноят Кодексининг 244-2 моддаси 1-қисми ва 159 моддасининг 1 қисми билан айб эълон қилинган. 2015 йилнинг январь ойида жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти, Шовот туман суди томонидан 10 йилга қадар озодликдан маҳрум қилинишган. Тергов ва суд жараёнларида қатор процессуал моддалар бузилгани, судланувчиларнинг химоя билан таъминланмагани, ота-оналарининг на тергов ва суд жараёнларида қатнашишга рухсат берилмагани у ёкда турсин Хоразм вилояти ИИБ Тергов бошқармаси катта терговчиси И.Э.Ражабов ва Хоразм вилояти ИИБ ТБ бошлиғи ўринбосари полковник Р.С.Қўчқоровлар имзолаган айблов хулосасида айбланувчиларга сўз берилмаган, уларнинг кўрсатмалари умуман йуқ. 3 абзац 4 марта қайтарилиб тугатилган айблов хулосасига кўра, йигитлар Сурияда мусулмон биродарлари қийналаётганлиги тўғрисида ижарада бирга яшаган йигитлардан эшитибди. Бор гап шу. Бу қабоҳатга тўла воқеаларни бутун дунё эшитаётибди. Буни қўшиқчи Озодбек Назарбеков ҳам қўшиққа солиб, кунига 5000 дан ошиқ мухлисларга етказаяпти. Демак Озодбекни ҳам, унга қўшиб минг-минг одамларни ҳам қамаш керак.

“Эзгулик” жамияти ҳеч бир зам қон тўкилиш ва зўравонлик тарафдори бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Лекин шахсий манфаати йўлида сохта айбловлар билан бегуноҳ одамларнинг умрига зомин бўлаётган баъзи бир курси эгаларини кескин қоралайди ва Ички Ишлар Вазирлиги ҳамда Республика прокуратурасидан ушбу ҳолат бўйича изоҳ беришларини талаб қилади.