04 May 2015
21:48 - Қирғизларнинг янги Бош вазири: Евросиё Иқтисодий Иттифоқига киришга тайёрмиз
23 апрелда Қирғизистон Бош вазири Жомарт Оторбаев парламент олдидаги ҳисоботи қабул қилингандан кейин истеъфога кетгани ҳақида хабар берганда, бу воқеани қирғизча масхарабозлик деб баҳолаган эдик. Чунки, ҳисоботи парламент тарафидан тасдиқланган Бош вазир, қандайдир жиддий шахсий сабаби бўлмаса, ўз лавозимидан истеъфога кетмайди.

Ўшандан бери у воқеага қайтмадик, аммо 2 май куни Президент Атамбаев Темир Сариев (расмда) исмли кишини Бош вазир этиб тайинлаган эди. Бугун Темир Сариев ўз мамлакати Евросиё Иқтисодий Иттифоқига (ЕИИ) кириш учун керак бўлган ҳамма шартларни бажариб бўлгани ҳақида гапиргани русларнинг Новости Агентлиги таарфидан хабар қилинди.

“ЕИИга киришимиз биланоқ унга аъзо давлатлар билан товар, капитал ва хизмат алмашуви кучга киради, бундан ташқари, бизнинг меҳнат муҳожирларимиз у мамлакатларда ишга жойлашиши осонлашади, бундан ташқари, Россия Қирғизистонга берадиган ёрдамининг 200 миллион долларлик биринчи траншини дарҳол беради”, дебди у. Айтиш керакки, 51 ёшли бу сиёсатчи 2010 йилдаги давлат тўнтаришидан кейин Бош вазир ўринбосари ва айни замонда Молия вазири лавозимида ишлаб келган эди.

Маълумки. Тожикистон ҳам ЕИИга аъзо бўлиш учун ҳаракат бошлаган, эртами кеч аъзо бўлади ҳам. Унда Ўзбекистон ЕИИнинг сал кам қуршовида қоладими?