04 May 2015
18:50 - Ўзбекистон ҳукумати соғлом овқатланиш ҳақидаги қарорни кучга киритди, лекин овқатнинг ўзи қани?
Маҳаллий веб нашрларнинг ёзишича, Ўзбекистон ҳукумати мамлакат аҳолисининг соғлом овқатланиши соҳасидаги чора-тадбирларни такомиллаштириш тўғрисида қарор қабул қилибди. Қарорга кўра, муайян комиссия уч ой муддат ичида Аҳолининг соғлом овқатланиши соҳасидаги чора-тадбирлар мажмуаси ва концепциясини ишлаб чиқармиш. Қарор ижрочилари аҳолининг турли қатламлари орасида соғлом овқатланиш борасида тушунтириш ва ташвиқот ишлари кучайтирилади, овқатланиш билан боғлиқ касалликларни камайтириш учун таълим дастурлари ишлаб чиқармиш.

Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва озиқ-овқат хомашёси учун техник регламентлар ва миллий стандартларни ишлаб чиқиш ҳам кўзда тутилган. Қонунчиликда белгиланган талабларга номувофиқ ва қўлбола озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарганлик учун ишлаб чиқарувчиларнинг жавобгарлиги кучайтирилади, дейилади хабарларда.

Ҳар қандай давлат иқтисодининг асосий кўрсатгичи бўлмиш киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми 1,5 минг доллардан сал кўпроқ (яъни, қўшни Қозоғистон ва Туркманистондан 7-8 баравар кам) бўлган мамлакатда ҳукумат бу дастурни, яъни соғлом турмуш тарзини ташкил қилишни қандай амалга оширади, тушунарсиз, дейди мухбиримиз. Шундоқ ҳам очлик ва парҳез билан турмуш тарзини ташкил қилган аҳолини яна нимага мажбурлашади, номаълум.