01 May 2015
19:21 - Меҳнаткашларнинг Халқаро Бирдамлик Куни керакми? Ҳаммага керак, Ўзбекистонга йўқ!

Ҳеч шубҳасиз, дунё одамларининг календарида бу каби кунлар бўлиши керак. Энг камида, ҳозирча бўлиши керак. Чунки, бир томонда иш эгалари ёки иш берувчилар ва иккинчи томонда ишчилар бор экан, уларнинг мақсад ва манфаатлари ҳар доим ҳам бир хил бўлавермайди. Иш эгаларининг мақсади – кўпроқ фойда олиш, ишчиларнинг мақсади – иложи борича камроқ ишлаб, иложи борича кўпроқ иш ҳаққи олишдир. Бу ҳақиқатдан ҳеч ким ҳеч қаерга қочиб қутилолмайди. Демак, манфаатлар қарама-қаршилиги – ижтимоий қарама-қаршилик манбаи бўлиб қолаверади.

Манфаатлар қарама-қаршилиги ҳуқуқий давлатларда қонун йўллари билан ҳаммани қониқтирадиган юмшоқ шаклга келтирилади. Қонунлар чиқарувчилар халқ тарафидан сайлангани сабабли, улар адолатли қонунлар чиқаришга мажбурлар.

Аммо, иш эгалари қонун чиқарувчилар ва қонунларнинг бажарилишини назорат қиладиганларни сотиб олиш имкониятига эгалар. Демократик давлатларда бунга қарши кураш коррупция ва порахўрликка қарши кураш дорасида олиб борилади. Тажриба кўрсатмоқдаки, бу курашнинг ҳам камчиликлари бор. Демократия даражаси камроқ жойларда камчиликлар яна ҳам кўпроқ.

Демак, меҳнаткашлари бирлашиб курашишга, ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун курашнинг бошқа йўлларини ҳам унутмасликка мажбурлар. Бундай глобал масалаларда глобал ҳамкорлик кераклиги ҳам шубҳасиз. Меҳнаткашларнинг Халқаро Бирдамлик Куни – ҳам глобал бирдамлик, ҳам глобал курашнинг рамзларидан биридир.

Айнан шу сабабдан 1 май ёки май ойининг биринчи душанбаси Меҳнат Куни, Баҳор Куни, Баҳор ва Меҳнат куни ва Меҳнаткашларнинг Халқаро Бирдамлик Куни номлари остида жуда кўп мамлакатларда кенг нишонланади. АҚШ, Япония, Австралия, Янги Зеландияда Меҳнат Куни бошқа вақтда нишонланади. Бу байрамларга коммунистик ранг бериш нотўғридир.

Ўзбекистонда, табиий, бундай кунга ҳожат йўқ. Ўзбекистонда на легал бойлар, на легал қашшоқлар бор. Ислом Карим раҳбарлигидаги тожиклар режими Ўзбекистонни жаннатга, э..., кечирасиз келажаги буюк давлатга олиб кетмоқда. Демак, меҳнаткашлар учун курашга, бирдамликка, бундай кунларни байрам қилишга асос ҳам йўқ. Ўзбеклар мардикорлар подасига айланиб бораётгани билан ўзбекларнинг ўзини ҳам иши йўқ. Чунки, биз келажак билан бугуноқ яшайверамиз.

Собиқ СССРда одамлар коммунизмда яшашларига ишонтирилган эдилар, Ўзбекистонда эса, келажагимиз буюклигига ишонтирилганлар.