21 April 2015
01:07 - Яна “Бирлик” ҳақ чиқди: Россияда миграция идораларимизнинг ваколатхоналари очилади
Ўрисларнинг РИА-Новости ахборот агентлиги Ўзбекистон миграция идоралари Россияда янги ваколатхоналар очиш ниятида эканлиги ҳақида хабар тарқатди. “Икки томонлама келишулар асосида Ўзбекистон, Арманистон, Қозоғистон ва Туркманистон миграция идораларининг ваколатхоналари очилиши мумкин. Уларнинг миграция қонунчилиги соҳасидаги ваколатлари иккала томон учун ҳам бир хил бўлади”, дейилади агентлик хабарида.

Хабарда таъкидланишича, ваколатхоналар ҳужжат расмийлаштирувчи ёки мигрантларга бирор-бир хизмат кўрсатувчи марказлар вазифасини бажармайди. Улар айнан ваколатхона ҳисобланиб, қабул қилувчи давлатнинг миграция хизмати идоралари билан ҳамкорлик қилиш, халқаро ҳамкорликка кўмаклашиш, меҳнат мигрантларини ташкилий тарзда жалб қилиш, мигрантларга консультация бериш масалалари билан шуғулланади.

Бу хабардан албатта қувониш керак. Қолаверса, бу йўналишда бирон нарслар қилиш кераклиги ҳақида “Бирлик” Партияси ва “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери гапириб келмоқда. Аммо Ўзбекистон режимининг бундай ваколатхоналар очиш бўйича бошқа мақсадлари ҳам бўлиши мумкин. Масалан бундай ваколатхоналар воситасида Россиядаги меҳнат муҳожирларининг радикал ва террористик исломий ташкилотларга қўшилаётгани ҳақида маълумот тўплаш.

Бу ҳам керак, аммо муҳим бўлгани, Россияда ишлаётган миллионлаб ватандошларимизни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишдир.