20 April 2015
22:40 - СИРДАРЁДА СОЛИҚЧИ КИМНИНГ ДУМИНИ БОСДИ? (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - №16, 19.04.2015)

Шу йилнинг 31 март куни жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди Гулистон шаҳар Давлат солиқ инспекциясининг Жисмоний шахсларга солиқ солиш бўлими Бош инспектори, 27 яшар Ғайрат Йўлдошевни порахўрликда айблаб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Суд ҳукмига кўра, Ғайрат Йўлдошев мансабдор шахс сифатида шу йилнинг 8 январида фуқаролар Ш. Базаров ва З. Атаевлардан жами 100 000 сўм (“қора бозор” курсида қарийб 24 АҚШ доллари) миқдорида пора олган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўтказилган рейд давомида қўлга туширилган солиқчи эндиликда 5 йиллик умрини қамоқда ўтказади, 3 йил давомида мансабдорлик қила олмайди.

Бир қарашда коррупцияга қарши кураш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг юксак профессионал маҳоратини кўрсатувчи бу ҳодисадан Сирдарёнинг оддий фуқароси мамнун. Гўё, ҳар қандай мансабдор қонун таъқибидан қутула олмайди, жиноят содир этдингми, жазо муқаққар. Аммо жиноят иши синчиклаб ўрганилса, ёш солиқчининг адолатсизлик ва фитна қурбони бўлгани англашилади.

Хусусан, 2014 йилнинг 22 декабрь куни Гулистон шаҳар ДСИ бошлиғи Х Зокиров шаҳарда нақд пул тушимининг ҳақиқатдаги миқдорини аниқлаш бўйича қарор чиқаради. Ана шу қарорга мувофиқ, солиқчилар иштирокида давлатдан катта миқдордаги қарздорлиги мавжуд бўлган Гулистон шаҳар Ш. Рашидов кўчасидаги якка тартибдаги тадбиркор М. Қосимвоага тегишли объект муҳрланади. Аҳолига интернет ва алоқа хизматлари кўрсатувчи бу объект муҳрланган чоғда унинг мўътабар ташкилотлардан бирида ишловчи хўжайини икки нафар шотири билан биргаликда келиб, солиқчиларни сўкади. Улардан муҳрни бузиб, объектни очишни талаб қилади ва ДСИ бошлиғи Х. Зокировга бир қўнғироқ билан мақсадига эришади.

Юқорида тилга олганимиз, жиноят ишининг пойдевори ўша ерда қурилган: яъни, мўътабар шахс солиқчи Ғайрат Йўлдошевга “сеними, шошмай тур” қабилида пўписа қилган. Шундан сўнг январь, атиги 100 минг сўм билан солиқчини илинтириш ва тергов, суд! Давлатнинг бир неча минг долларлик маблағлари эвазига мутахассис қилиб етиштирилган Ғайрат Йўлдошевда ҳозир на давлатга, на жамиятга ишонч йўқ. Аксинча, мўътабар шахснинг қўли шунчалар узун эканки, жиноят иши ортидан ДСИ бошлиғи ўринбосари Исмоил Ҳайитов (Ўзбекистон Президенти Ишлар бошқармаси бошлиғи Зелимхон Ҳайдаровнинг куёви) ҳамда бошқа шахсларни ишдан ҳайдатди. Бир неча савдо шаҳобчалари, тадбирокрлик субъектларига эга бу бойвачча раҳбарнинг қонунбузарликлари эса Сирдарё вилояти судининг Йўлдошевни қамаш ҳақидаги ҳукми ҳимоясида қолди.

Албатта, ҳар қандай қонунбузарликка жазо муқаррар! Аммо давлат бир неча миллион эвазига мутахассис тайёрласа-ю, у 24 доллар эвазига бой берилса, бундай юртнинг келажаги ним бўлади. Қолаверса, иш бўйича адолатли тўхтамга келинмаган, суд ишнинг моҳиятини тўлиқ ўрганмаган, бунинг устига судьянинг ўзи ҳам бир зум ўтмай қонунбузарлиги эвазига тизимдан кетган бўлса!

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Республикаси Олий судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасини мазкур жиноят ишини қайта кўришга ва адолатли тўхтамга келишга чақиради. Шунингдек, Ғайрат Йўлдошев думини босиб олган соядаги амалдор, қўли узун одамнинг шахсини аниқлашни ва унга нисбатан чора кўришни сўрайди.