18 April 2015
14:39 - Оддий воқеа: Афғонистонда теракт натижасида 33 киши ҳалок бўлди, Исломда ислоҳотлар бўлмаса, террор тўхтамайди

Бугун Жалолобод шаҳрида ҳукумат ишчилари ойлигини оладиган бир банк биносига яқин жойда катта портлаш бўлгани, 33 киши ҳалок бўлиб, 100 дан кўп одам ярадор бўлгани жаҳон ахборот воситалари тарафидан хабар қилинди.

“Толибон” бу ишга алоқаси йўқлигини, ИШИД эса бу портлашни ўзи уюштирганини эълон қилибди.

Аслида, дейди мухбиримиз, бу каби воқеаларни хабар қилишнинг ҳам маъноси қолмаяпти, “Ҳаракат” қилмай ҳам қўйди. Чунки, бу - Ислом мамлакатлари учун оддий воқеа, эрталаб қуёш чиқиб, кечқурун ботгани каби. Тўғри, воқеаларнинг моҳиятини тушунишдан, улардан сабоқ чиқаришдан фойда бор. Аммо, ҳозирча мусулмонлар бунга ҳам қодир эмаслар. Русларнинг “ақлли бошқаларнинг хатоларидан, аҳмоқ ўз хатоларидан ўрганади” дейдиган мақоли билан уларнинг иши йўқ.

Ҳамма гап шундаки, насронийлар ичида ҳам турли оқимларнинг қонли уруши юз йиллаб давом этган. Насронийларнинг”шариат суди” деса бўладиган “инквизиция” даврида юз минглаб “дин душманлари” йўқ қилинган. Уларнинг ичида “Қуёш ернинг атрофида эмас, Ер Қуёшнинг атрофида айланади” деб геоцентрик система асосларини яратиш устида иш бошлаган Жордано Бруно ҳам бор эди. У 1600 йили тирклайин ёқилган, Галилей эса гелиоцентрик системадан оғиздагина воз кечгани учун ҳаётда қолган.

Бу қонли воқеаларнинг орқасида турли диний оқимларнинг ҳокимият учун кураши ётарди. Насронийлар дунёвийлик/секуляризм принципини тан олгандан кейингина беҳуда қон тўкилишига чек қўйилди.

Ислом дини “бошқаларнинг хатосидан дарс олишга ўрганиб”, тезроқ дунёвийлик/секуляризм принципини тан олмаса, беҳуда қон тўкиш тўхтамайди. Ал-Қоида ва Толибонни йўқ қилиш остонасига келинганда, ИШИД ўртага чиққани каби, ИШИД йўқ қилинса, бошқаси ўртага чиқаверади.

Яқинда ислом терроризмининг маркази Туркия ва Марказий Осиё бўлади. Исломий терроризмни Ислом Карим кабиларнинг сиёсий ва атеистик терроризми билан йўқ қилиб бўлмайди, Исломда ислоҳотлар қилишни ўйлаш ва шу йўналишда ҳаракат қилиш керак. Бу ислом уламоларининг вазифасидир. Аммо, минг афсуски, уларга ҳали ақл киргани йўқ.

У ҳолда бу иш ҳам сиёсатчиларга қоладими? Шундай бўлса, бу – диннинг ўлимидир.