17 April 2015
20:50 - Фарғонада ҳуқуқ ҳимоячиси Шокирхўжа Масаидов судланмоқда
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти фаоли Шокирхўжа Масаидов устидан маҳкама бошланибди. Ташкилот фаоллари тарқатган маълумотга кўра, 58 яшар бу одам Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунчилигининг фирибгарлик ва пора бериш сингари моддалари билан айбланаётган экан. У шу йилнинг 6 апрелида ҳибсга олиниб, тергов изоляторига жойлаштирилган. Жамият фаолларининг айтишича, у бир неча маҳаллий фуқароларни Тошкентг олиб келиб, Президенти девонининг олдида очлик эълон қилишга уринган ва Қўқонда ушланиб, ортга қайтарилган.

Номи жамоатчиликка маълум бўлмаган бу одам фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилиб бериш эвазига улардан жами 1500 АҚШ доллари олгани ва қайтариб бермагани жиноят иши материалларида айтилаётган эмиш.

Лекин тан олиш керакки, ҳуқуқ ҳимоячилигини Совет замонининг “Народный контрол”ига айлантириб олган ва шубҳали ишларга аралашиб қолаётганлар ростдан ҳам бор. Улар ҳунарларидан воз кечмас экан, ҳукуматнинг қамоқларини тўлдиришда давом этаверишади.