16 April 2015
08:44 - SOS: МУРОД ЖЎРАЕВНИНГ АҲВОЛИ ОҒИР, АЪЗАМ ФАРМОНОВ НУКУСДАГИ ИЗОЛЯТОРГА КЕЛТИРИЛДИ! (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - №15, 14.04.2015)
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси тизимидаги 64/6-сонли колонияда жазо муддатини ўтаётган Ўзбекистон Парламентининг собиқ депутати Мурод Жўраевнинг аҳволи оғир. Бу ҳақда “Эзгулик”ка 12-14 апрелда колонияда маҳкум билан учрашган рафиқаси Холбика Жўраева маълум қилди. Жўраевага кўра, собиқ депутат нафас олишга қийналмоқда, унга юрак астмаси азоб беряпти. “Нафас ололмай бўлиб қоладиган одат чиқарибдилар. Муассаса коридорида нафас ололмай йиқилиб қолганини кўрдим. Чиқишдан умидини узиб қўйганлар, умиди сўниб бормоқда. Чирчиқ колонияси маъмурияти эса бунга эътибор ҳам бераётгани йўқ” дейди Жўраева.

Ўзбекистон ИИВнинг ЖИЭББга қарашли Жаслиқ лагерида жазо муддатини ўтаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Фармоновнинг муддати шу йилнинг 27 апрелида битиши ва у озодликка чиқарилиши керак эди. Аммо Жазони ижро этиш Бош бошқармаси маъмуриятига кўра, Аъзам Фармонов муассаса тартибини бузганлик айби билан Нукусдаги Қорақалпоғистон Ички излар вазирлиги изоляторига келтирилган.

“11 апрель куни уйимга Жаслиқ лагерининг мутасаддиларидан бири қўнғироқ қилиб, вояга етмаган қизим билан гаплашган. Отасига муддат қўшиб беришларини, шу боисдан Нукусга келтирилганини айтган. Қизимнинг мени чақиришига қўймаган, шу боисдан ҳам раскрутка ҳақида тўлиқ маълумот ололмадим. ГУИНга мурожаат қилдим, улар ҳам тергов изоляторига олиб келишганини айтишди, холос” дейди ҳуқуқ ҳимоячисининг рафиқаси Озода Ёқубова.

Таъкитдлаш керак, Мурод Жўраев 1994 йилдан бери давлат тўнтаришига уриниш айби билан қамоқда. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти раҳбари Аъзам Фармонов эса 2006 йилнинг 19 апрелида товламачилик айби билан ҳибсга олинган. Халқаро ҳамжамиятнинг чақириқларига қарамай Ўзбекистон ҳукумати бу маҳкумларни озод қилмаяпти.