14 April 2015
11:11 - Қизиқ: Россия, Белорусия ва Тожикистон ҳарбийлари Шимолий қутбда машқ қилишмоқда
Рус ахборот воситаларининг хабарига кўра, Россия, Белорусия ва Тожикистоннинг умумий сони 100 атрофида бўлган ҳарбийлари 7 апрель куни совуқлиги цельсий шкаласи бўйича минус 75 даража бўлган қутбга Ан-74 учоқларидан парашаютда тушишган. Ҳар бир ҳарбийнинг кийими билан биргаликда 50 кг юки бор. Улар дрейфдаги музликда яшаш учун лагерь ҳам қуришибди, муздаги чўл бўйлаб ҳақиқий итларнинг ёрдами билан чанғиларда ҳаракат қилишмоқда.

Тожик ҳарбийларига Тожикистон Ҳарбий Кучларининг ҳаво-десант тайёргарлик бўйича қўмондони Жамбил Ганжалиев раҳбарлик қилаётгани ҳам хабарларда айтилади. Бу десантга Россия географик жамиятининг Қутб маркази ходимлари ҳам ёрдам беришаётган экан.

Жамбил Ганжалиев тожик ҳарбийлари учун бундай совуқликда бўлиш бошқаларга нисбатан ҳам оғирроқ бўлаётганини айтибди. Аммо у тожик ҳарбийларига минус 75 даража совуқликда машғулотлар ўтказишнинг нима кераги борлиги ҳақида гапирмайди.

Ҳарбийлар қутбга келишдан аввал Россиянинг Мулин полиганида тайёрланишибди.