14 April 2015
01:21 - Еврокомиссияга кўра, жиҳодчилар ичида 5-6 минг европалик бор, тоқатлилик тарафдорлари эса, Абдураҳим Пўлатнинг ҳам иштирокида мажлис билан овора
Европа Иттифоқининг ҳукумати деса бўладиган Еврокомиссиянинг Адлия вазири деса ҳам бўладиган Адлия комиссари Веро Юрова Сириядаги жиҳодчилар ичида 5-6 минг европалик борлиги ҳақида маълумотга эга эканликларини, асл рақам бундан ҳам катта эканлигини, Франс-Пресс агентлигига айтибди.

Россиянинг Федерал Хавфсизлик Хизмати Ироқда 1,7 минг атрофида россиялик ууршмоқда эканлигини аввалроқ билдирган эди. Ҳеч шубҳа йўқки, ИШИДда асосан ўзбеклардан иборат бўлган марказий осиёликлар ҳам кўп. Бунга Хитойдан кетган уйғурлар ва Афғонистондан кетган ўзбекларни қўшсак, даҳшатли рақамлар ўртага чиқади. Ироқ ва Суриянинг бир қисмида ҳукмронлик қилаётган ИШИД ва бошқа жиҳодчи гуруҳларнинг мақсади – исломий давлат, кейин Халифалик яратиш, мусулмон бўлмаганларни йўқ қилишдир.

Аҳвол шундай экан, динлараро дўстлик масалалари билан шуғулланадиган ташкилотлар, дейди “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат, қуруқ мажлисбозлик билан овора.

Кеча сўнгги йилларда биринчи марта ўзимни бундай йиғилишлардан бирига зўрлаб обордим. Фахрий раиси Фатхулла Гулен бўлган Румий Форум ҳамда бу Форум қошидаги Исломий ва Туркий Тадқиқотлар Институти уюштирган йиғилишнинг номи шундай: “Жамоа ва дин лидерларининг радикализациянинг олдини олишдаги роли”. Табиий, гап диний радикализациянинг олдини олиш ҳақида кетмоқда.

Бу йиғилишда нотиқлар сифатида Вашингтон Динлараро Конференциясининг ижрочи директори, раввин (яҳудийлар уламоси) Жералд Серотта, Вашингтон шаҳридаги масчитлардан бирининг қоратанли имоми Толиб Шариф ва Глобал Тинчлик Фондининг вице-президенти Гайл Ҳамблетон хоним иштирок этишди.

Уларнинг нутқларини тинглаган одам СССР замонида Коммунистик Партиянинг қурултойларида айтиладиган гўзал келажак, яъни коммунизм ҳақидаги сўзларни эслаши керак бўларди. Улар динлараро, умуман, жамоалараро масалаларда муаммолар борлигини айтиб ўтсалар ҳам, асосан, одамларни тарбиялаш, тоқатликликка ўргатиш йўли билан, коммунизм сўзини ишлатмаслар ҳам, коммунизмда бўладигани каби гармонияга етишиш мумкинлигини турли конференцияларда кўрсатилган мисоллар билан олқишладилар.

Уларга биринчи саволни ўзим бердим ва Ислом динининг бугунги тушунчаларига кўра, давлат исломий, ҳамма одамлар келажакда мусулмон бўлиши кераклигини, ислом давлатлари Халифаликда бирлашиши кераклигини айтиб, Ислом дини бундай ақидалардан воз кечиб, секуляризм/дунёвийлик принципини қабул қилмагунча, динлараро тинчлик бўлмаслигини айтдим.

Яқинда АҚШ Президенти Барак Обаманинг Кэмп Девид қароргоҳида Давлат Котиби Жон Керри билан Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг учрашувидан кейин бўлган матбуот конференциясида менга савол бериш имкони бермаганларини эслатиб, бугун ўша саволни бермоқчи эканлигимни билдирдим ва ўша саволни нотиқларга бердим:

“Биласизки, Куръоннинг ҳозир тан олинган тафсирига кўра, давлат исломий бўлиши керак. Афғонистон ҳам, Ўзбекистон ҳам, ўйлайманки, АҚШ ҳам. Ҳозир ислом террористлари деб айтилаётган гуруҳларнинг мақсади айнан шу – исломий давлат қуриш. Демак, улар ҳақиқий мусулмон, ман билан Сиз эмаску. Шундай экан, Қуръоннинг мавжуд тафсирига ишонган исломчи террористларни ҳеч қачон йўқ қилиб бўлмайди. Бу вазиятдан чиқишнинг ягона йўли – Қуръонни янгидан тафсир қилиш ва давлатнинг исломий бўлиш кераклиги ҳақидаги ақидадан воз кечиб, дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишдир. Акс ҳолда, исломий террорнинг сўнги бўлмайди, ҳеч қандай динлараро тинчлик бўлмайди. Сиз бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?”

Уларнинг жавобларидан ўзим ҳам кутгандек тушундимки, улар бундай масала ҳақида ҳеч қачон ўйлашган ҳам эмас, менинг саволимни тушунишгани ҳам йўқ. Мен буни, ростдан ҳам аввалдан тушунардим. Аммо, ўша кунги мақсадим – ўзим танлаган шок терапияси усуллари билан уларнинг ақлини дарҳол жойига келтириш эмасди. Ҳозир биламанки, дарҳол келтириб ҳам бўмайди. Бу йиғилиш ҳам кўрсатдики, Исломда ислоҳотлар қилиш кераклиги, Ислом дини секуляризм/дунёвийлик принципини қабул қилиши шартлиги - кўпчилик учун кутилмаган янгиликдир.

Бу янгиликни олға суришдан бошқа йўлимиз йўқ. Акс ҳолда, Ислом дини йўқ бўлади.