13 April 2015
23:07 - Ўзбекистонда ягона авиация қутқарув тизими яратилади
Uzdaily агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси республика авиация қидирув-қутқарув ягона хизмати тўғрисидаги низомни маъқуллади. Низомга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси авиация қидирув-қутқарув ягона хизмати ҳалокатга учраётган ёки учраган ҳаво транспортини қидириш ва қутқариш ишларини ташкил этишнинг ягона тизими шакллантирилади. Шунингдек, фавқулодда вазиятлар юзага келганда тизим қидирув-қутқарув ишларини амалга оширади.

Ягона қидирув-қутқарув хизмати таркибига Мудофаа вазирлиги, парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш Давлат инспекцияси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиаширкати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари киради. Ҳукумат қарорида бундай хизмат йўлга қўйилишининг сабаблари изоҳланмаган.