13 April 2015
07:00 - Туркиядан ёмон хабарлар: Ағрида эски урушнинг давоми, Ватикан билан янги уруш

Маълумки, Туркия 30 йилчадан бери мустақил бўлиш истагидаги курдларнинг марксистик Курдистон Ишчи Партияси (курдча қисқартирилгани - ПКК) террористлари билан қонли уруш ичида эди. Бундан бир неча йил аввал ПКК музокаралар йўлига ўтиб, қуролли чиқишларини тўхтатган эди. Музокаралар натижасида курдча мактаблар очилишига йўл берилди, курдларининг бир неча партиялари сиёсий саҳнага чиқди.

Аммо, ўтган куни ПКК террористлари Арманистон билан чегарадош Ағри вилоятида туркларнинг қандайдир анъанавий дарахт экиш байрамига ўхшан маросимини қўриқлаш учун чиққан Туркия аскарларига ҳужум қилдилар. Бир аскар ярадор бўлган, тўртта террорист ва халқ қуриқчилари деб айтиладиган дружинникларга ўхшаш отряднинг бир одами ҳалок бўлган.

Билмаганлар учун билдириш керакки, Ағри вилоятида Ағри тоғи, бошқача ном билан айтсак, арманилар сал кам миллий рамзлари деб ҳисоблайдиган Арарат тоғи жойлашган. Арманларининг орзуси Араратни қайтариб олиш. Балки, курдлар мустақил бўлсак, уни арманиларга берамиз деб ваъда қилишгандирку, арманилар курдларни қўллаб-қувватлаб келишади. Туркларнинг дарахт экиш анъанаси эса, бу ерлар абадий туркларники бўлиб қолишини намойиш қилувчи маросим бўлса керак.

Шундай экан, Ағрида бўлган қонли воқеaлар террористлар билан қайтадан уруш бошланишига йўл очиши мумкин.

Иккинчи хабар - Туркия билан Ватикан ўртасида совуқ уруш бошланганидир. Ҳамма гап шундаки, айнан ўтган кунини арманилар 1915 йили турклар 1,5 миллион арманини қатлиом қилишининг биринчи куни сифатида мотам қиладилар. Ўша куни Ватикан бошлиғи, яъни Рим Папаси гўёки арманиларнинг қирғин қилинишининг 100 йиллиги муносабати билан Арманистон президентига ҳамдардлик хати йўллади. Маълумки, турклар ҳеч қандай қатлиом бўлмаганини айтиб келадилар. Рим Папасининг мактубидан кейин, Ватиканнинг Туркиядаги элчисига Анқарада ташқи ишлар вазирлигиа чақиртирилди, унга норозилик нотаси топширилди. Айни замонда, Туркиянинг Ватикандаги элчиси Анқарага чақириб олинди.

Хуллас, Туркия-Ватикан совуқ уруши бошланди.