11 April 2015
23:10 - Нью-Йорк биржасида зиг-загли барқарорлик бор, АҚШнинг иқтисодидачи?

Нью-Йорк фондлар биржасидаги аҳвол ҳақида охирги марта 14 март куни хабар берган эдик. Ўшанда биржанинг асосий кўрсатгичи Dow Jones индекси 17749 га тенг эди. Ўтган вақти ичида Dow Jones 18 мингдан ошган кунлари ҳам бўлди, 17 минг 700 дан пасайган кунлар ҳам. Кеча, яъни жорийдаги ҳафтанинг охирги иш куни Dow Jones индекси 99 поғанага кўтарилди ва биржа бекилганда 18058 га тенг бўлди.

Маълумки, 2008 йилда бошланган жаҳон молиявий-иқтисодий кризисидан олдин Dow Jones индекси 13-14 минг ўртасида ўйнаб турарди. Мана ҳозир 18 минг атрофида ўйнаб турибди. Эслатиб ўтиш керакки, Dow Jones индекси АҚШнинг энг кучли 30 та ширкати акцияларининг ўртача қийматини билдиради. Демак, акцияларнинг нархи 2008 йилга нисбатан шунчалик ошдими? Ҳа, ошди, аммо бу ошиш инфляцияни қопловчи фактор бўлса керак. Айнан, ўша инфляция туфайли ҳозирги кунлик ошиш-тушишларнинг миқдори кризисдан аввалги қийматлардан кўпроқ бўлмоқда.

Шуларни ҳисобга олсак, Нью-Йорк фондлар биржасидаги тушиш-чиқишларга қарамасдан, АҚШ иқтисоди барқарор ривожланаётганини тўғрисида гапириш мумкин. Тўғри, ҳар қандай давлат иқтисоди яхши тезликда кучайиб борганининг кўрсатгичи – Марказий Банк тарафидан бериладиган қарз учун олинадиган фоиз даражасидир. Фоиз юксак бўлса, ишлар яхши, банклар катта фоизга бўлса ҳам қарз олишга тайёрлар. Аммо, АҚШда Марказий Банк ролини ўйнайдиган Федерал Резерв ҳозир бу фоизни 0-0,5 орасида ушлаб турмоқда. Бу эса катта бизнесс эгаларини хавотирга солмоқда. Охирги баёнотларга кўра, Федерал Резерв бу фоиз даражасини ёзда орттирмоқчи.

Ҳозир эса, аввалари ҳам айтган бир фикримизни яна қайтарамиз.

АҚШда ишлаётган ўзбеклар ҳам, бошқа мамлакатларда яшаётган ўзбеклар ҳам, фондлар бозорида кетаётган жараёнлар билан қизиқишлари, қўл билан ушлаб бўлмайдиган, кўзга кўринмайдиган Dow Jones каби индекслар билан яшашни ўрганишлари, пулларини фақат банкларда эмас, фондлар бозорининг акцияларида ҳам сақлашни ўрганишлари лозим.

Ўзбекистондаги ота-оналарга ёрдам бериш шарт, аммо у ерга ортиқча пул юбориш ўзбекларнинг душмани бўлган мавжуд режимга хизмат қилиш ва пулни сувга оқизишдир. Ўзбеклар чет элларда ҳам ош ейиш ва Ўзбекистонга пул юборишдан ташқари, ишлаётган мамлакатларида пул йиғиб, кичкина бўлса ҳам ўз бизнесларини очиш устида ўйласалар, фойдали бўлади.

Айнан шундай одамлардан кейинчалик катта бизнесменлар чиқади. Ана ундан кейин Ўзбекистонда ҳам бизнес очишни ўйлаш мумкин. Акс ҳолда, бутун дунёни мардикорлар билан тўлатиб юраверамиз.