09 April 2015
06:32 - Туркияда ислом уламолари чиқарган бир қатор фатволар ножиддийликдан бошқа нарса эмас
Туркиядаги обрўли дунёвий газеталардан бири “Ҳурриёт” хабар қилишича, Диний Ишлар Юқори Кенгаши шу кунларда учта фатво чиқарибди.

Биринчиси. Агарда никоҳли эр-хотин инсонларга оид алоқа йўллари орқали фарзанд кўролмаган бўлса, иккаласининг спермасидан сунъий ҳомила тайёрланиб, бу ҳомилани бошқа аёлнинг бачаданода етиштириш ва бола кўриш инсоний туйғуларни топташ ва зино элементлари ҳам бор бўлган нарса сифатида ислом динида қабул қилинмасмиш. Сунъий ҳомила никоҳдаги хотиннинг бачаданога қўйилиб, болани унинг ўзи туғса, бу тўғри бўлармиш.

Иккинчиси: Ичишга ҳаром бўлган алкоголни тозалик ишларида ишлатиш мумкинмиш.

Учинчиси. Мусулмон ҳожатини чиқарган жойда сув йўқ бўлса, у одам туалет қоғози ишлатса бўлармиш.

Бечора, Ислом дунёсининг аҳволига қаранг. Қуръоннинг ҳозир қабул қилинган хато тафсирига кўра, давлат исломий бўлиши керак, ваҳоланкки, давлат принцип ўлароқ диний бўлолмайди. Худди телефон ёки автомобил диний бўлолмагани каби.

Бунинг устига, Исломнинг яна ўша хато тафсири асосида қабул қилинган 5 та фарзининг 3 таси, яъни, 5 маҳал намоз, рўза ва ҳаж принцип ўлароқ фарз бўлолмайди, чунки кўп ҳолларда уларни бажариб бўлмайди. Инсониятнинг фаровонлик даражаси ортиб бориши билан закот ўз маъносини йўқотади. Демак, Исломнинг ягона фарзи Имон бўлиши кераклиги ўз-ўзидан маълум.

Динимизнинг шундай фундаментал муаммолари четда қолиб, Туркия уламолари чиқарган бу учта фатво кулгидан бошқа нарсага арзимаслигини тан олиш керак. Ҳеч шубҳасиз, бундан 200 йил аввал туалет қоғози ишлатиш ёки алкоголни тозалик ишлари учун ишлатиш масаласи кун тартибига келсайди, улар буни мутлақо рад этган бўлардилар. Мана энди, чекланган ҳолда бўлса ҳам қабул қилибдилар. Ҳеч шубҳа йўқки, қолган фатводаги чекловлар ҳам секин-аста йўқ бўлиб кетади. Ислом дини бунақа чакана масалалар билан шуғулланишни одамларнинг ўзига ҳавола қилиши керак.