08 April 2015
21:13 - СИРДАРЁДА КЎЗ КЎРИБ, ҚУЛОҚ ЭШИТМАГАН ВОҚЕАЛАР БЎЛАЯПТИ! (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - №13, 08.04.2015)

2014 йилнинг 6 апрелида Сирдарё вилояти Ховос тумани “Қаҳрамон” ҚФЙ Ойбек кўчаси 55/1-хонадонда истиқомат қилувчи Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли Олимжон Абдуллаевнинг хонадонига 4 марта судланган, қонунан рецедив жиноятчи ҳисобланган А. Боймирзаев бошчилигидаги шахслар бостириб киришди. Хонадон эгаларини арматура ва бошқа ашёлар билан калтаклаб, зўровонлик қилишди. Мазкур воқеадан сўнг Абдуллаевлар хонадонининг бир неча вакиллари олган жароҳатлари туфайли 10 кундан ортиқ шифохонада даволаниб чиқишди.

Суд тиббий экспертиза хулосаларига асосланган жиноят ишлари бўйича Ховос тумани суди зўровон А. Боймирзаевни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг баданга қасддан шикаст етказиш жинояти билан айблаб, жавобгарликка тортди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллиги муносабати билан чиқарилган амнистия туфайли жиноятчи авф қилинди. Аммо унинг жинояти оқланган эмас!

Абдуллаевлар хонадони юқори турувчи суд, прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига адолатсиз суд ҳукмидан норози бўлиб, шикоят қилишди. Табиийки, бу ҳол туман ИИБ бўлими вакиллари, прокуратура ва суд органининг мутасадди ходимлари ҳаловатини бузди. Бу орада жамиятимиз ўзининг пресс-релиз ва чиқишларида ишнинг адолатсиз кўрилгани, айбланувчининг қилмиши инобатга олинмагани хусусида ёзди.

Ховосдаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари Абдуллаевлар хонадонини тинчитиш учун аввал музокара, сўнг пўписага ўтди. Жиноятчи А. Боймирзаевнинг тарафини олиб, уларни “яраштириш”га ҳам уриниб кўришди. Аммо Абдуллаевлар шикоят қилавергач, уларни тинчлантиришнинг ягона йўли уларнинг ўзини жавобгар қилиш, жиноят иши қўзғатиш, деб ҳисоблашди, шекилли хонадон вакилларини Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 237, 238-моддалари, яъни ёлғон гувоҳлик бериш билан жавобгарликка тортишмоқчи бўишяпти.

Сирдарё вилояти суд органлари ишни бир думалатиб, Ховосдан Янгиер шаҳар судига ўтказишди. Янгиер суди эса ҳуқуқ ҳимоячиси хонадонини нима қилиб бўлса ҳам, маҳкамага келтириш ва жавобгарликка тортиш пайида. Эътибор беринг, Абдуллаевлар шикоят қилишмаганида, юқори органларга ёзиб, маҳаллий амалдорларнинг тинчини бузишмаганида бу савдолар йўқ эди.

Олимжон Абдуллаев “Эзгулик”ка ёзган шикоят хатини “бу қандай давлат, қандай тузум” деб якунлабди. “Эзгулик” эса тузумнинг бир юзи акс этган бу воқеани жамоатчиликка ҳавола этишдан ўзга чора топа олмади. Боиси унинг Ўзбекистон Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ва ҳукуматга қилаётган чақириқлари сувга утшган тошдек изсиз кетмоқда. Эҳтимол, улар манфаатдордир фуқаролар онгида ана тушдай давлат ва тузум яратишдан?!