07 April 2015
22:30 - ФАРҒОНАДА 31 НАФАР ДИНДОР ҲИЗБУТ-ТАҲРИРЧИЛИКДА АЙБЛАНМОҚДА! (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - №12, 07.04.2015)
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Фарғона вилояти бўлими фаолларига кўра, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди маҳкамасида кеча, 7 апрелда "Ҳизбут-таҳрир" диний радикал оқимига мансубликда гумонланаётган дастлабки 13 нафар фуқаронинг устидан ҳукм ўқилди. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг конституциявий тузумга тажовуз қилиш, жиноий уюшма тузиш ҳамда жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ташкилотлар фаолиятида иштирок этиш сингари айбловлар билан судланган бу фуқаролар ўтган йилнинг ёз ойларида ҳибсга олинган.

Жиноят иши материлларига кўра, Фарғона вилоятининг Олтиариқ, Риштон туманларида истиқомат қилган 31 нафар шахс мамлакатдаги тузумни зўрлик билан ағдариш ҳамда халифалик давлати қуриш ғоясини омма орасида тарғиб қилиб, яширин фаолият олиб боришган. Уларнинг орасида давлат ҳокимяти вакиллари, ижтимоий соҳа хизматчилари ҳамда оддий фуқаролар бор. Фарғона вилоти МХХ бошқармаси томонидан қўлга олинган шахсларнинг жиноят ишлари уч гуруҳга ажратилган бўлиб, уларнинг дастлабки гуруҳи фаоллари устидан 6 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ҳукми ўқилди.

Судланувчиларнинг қариндошларига кўра, қўлга олиниб, давлатга хиёнатда айбланган шахсларнинг аксарияти намозхон ҳам бўлишмаган. Аксинча, вилояти ИИБнинг терроризмга қарши кураш бўлими дастлабки суриштирувлар давридаёқ уларданг зўраки иқрорликлар олишга эришган. Айни пайтда гуруҳ аъзолари орасида айбига иқрор бўлганлари, хусусан, айблво хулосасида баён этилган халифалик давлати, конституциявий тузумга тажовуз сингари айбловларни тан олганлари ҳам бор.

Суд маҳкама жараёнларида айбланувчиларнинг қилмишига яраша жазолар тайинлади ва суд уларнинг гуруҳ фаолиятидаги иштирокини ҳисобга олди. Шу боисдан ҳам айрим судланувчиларга шартли қамоқ жазолари берилди, айримарига жарималар қўлланилди – дейди судланувчилардан бирининг адвокати. Адвкоатнинг таъкидича, ҳизбчиликда айбланганларнинг аксарияти Олтиариқ туманидаги Полосон қишлоғида яшаб келган йигитлардир. Бу ердан вилоят ИИБ жиноят қидирув бўлими вакиллари гўё террор ўчоғини топишган.

Аммо судланувчиларга дастлабки терговлар даврида қийноқлар қўлланилгани, суд икки ой давомида ўтказилган маҳкамада бунга эътибор бермагани иддао қилинмоқда. Шу боисдан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти юқори инстанция судларини ишни адолатли кўришга, одил ҳукм чиқаришга чақиради!