06 April 2015
01:27 - Бoкуда демократик кучларнинг “Талон-тарож ва ёлғон тўхтатилсин!” шиори остидаги митинги бўлди
Кеча Озорбайжон Демократик Кучларининг Миллий Кенгашига (ДКМК) аъзо бўлган ташкилотлар Бокунинг Ясамал туманидаги атрофи очиқ стадионда, яъни катта майдонга ўхшаган жойида 10 минг киши иштирокида “Талон-тараж ва ёлғон тўхтатилсин!” шиори остида митинг ўтказдилар.

Мухолифатга яқинлиги билан танилган ахборот воситаларида айтилишича, ДКМКнинг асоси бўлган Озорбайжон Халқ Жабҳаси Партияси раиси Али Каримли, ДКМКнинг лидери Жамил Гасанли ва бошқалар ҳукуматдан халқни қароқчилардек талаш ва айни замонда уни “ҳамма нарса яхши” деб алдаш сиёсатидан воз кечишга чақирдилар. Ҳукумат нефтни сотишдан олган фойдани асосан ўз одамлари чўнтагигига тушуришга йўл очиб, халқни ўйламаётгани, ҳаммаёқ порахўрлик ва коррупция қучоғинда қолганини гапирдилар. Сиёсий сабаблар билан қамалганларнинг озод этилишини ҳам талаб қилдилар. Нотиқларнинг нутқи митингчиларнинг “Ҳукумат истеъфога!”, “Талон-тарож тўхтатилсин!”, “Курашни тўхтатмаймиз!” каби ҳайқиришлари билан бўлиниб турган.

Мухолифатнинг талаблари мутлақо тўғри, дейди мухбиримиз. Аммо, очиқча айтиш керакки, Озорбайжонда ҳамма демократик партиялар рўйхатга олинган, уларнинг сайловларда иштирок этиш ҳақлари бор ва ундан фойдаланмоқдалар. Бироқ демократларнинг бир қисми ДКМКда бирлашган бўлса ҳам, умумий тарқоқлик бор. Майда-чуйда партиялар сайловларда ўз номзодларини алоҳида-алоҳида қўядилар ва 2-3 фоиздан овоз оладилар. Улар бирлашиб, президентлик сайловида ягона номзод, парламент ва маҳаллий сайловларида округлардан умумий номзод кўрсатсалар эди, мухолифатнинг ҳақиқий кучини кўрсатган бўлардилар. Бугунги митингга 100 мингга яқин одам олиб чиқардилар. Кучи бор мухолифат билан ҳар қандай ҳокимият ҳисоблашишга мажбур бўларди.

Минг афсуски, Озобайжонда бундай нарса йўқ. Ўзбек демократлари у ердаги воқеалардан ва ўзларининг тарихларидан дарс олишлари керак. Турли-туман тўгарак каби ташкилотчлар тузиб олиб, мухолифатчиликка даъво қилаётганлар миллат ва ватанга қарши ишлаётганларини тушунишлари керак. Миллат уйғоқ бўлса, мухолифатни бирлашишга зўрлаши керак. Акс ҳолда, ҳеч нарса ўзгармайди. Ўз вақтида ҳокимиятни қўлга олволган Алиевлар Озорбайжонда, Ислом Карим кабилар Ўзбекистонда абадий ҳокимиятда халқнинг қонини ичиб ўтираверадилар.