05 April 2015
01:27 - Россиядан АҚШга жавоб: Ҳаво ва ракета ҳужумларига қарши мудофаамизни мустаҳкамламоқдамиз

Кеча Пентаган Эроннинг ҳар қандай мустаҳкам бункерларини урушга кучи етадиган бомбанинг навбатдаги синови ўтказилганини The Wall Street Journal газетасидаги хабар орқали эълон қилиб, Эронни огоҳлантиришдан ҳам кўпроқ, Исроилни хотиржам қилишга ҳаракат қилгани шубҳасиздир, деб таҳлил берган эдик, дейди “Ҳаракат” мухбири.

Бугун маълум бўлишича, бу хабар ҳаммадан кўпроқ Россияга тегиб кетган экан. Айнан шунга жавобан, Россиянинг Ҳаво ҳужумларига қарши қўшинлари бошлиғининг ўринбосари Кирилл Макаров қандайдир бир агентликка интервью бериб, узундан-узоқ гапиргани Россиядаги ҳамма ахборот воситаларининг диққат марказида турибди..

Кирил Макаров, жумладан шундай дейди: “Ҳаво ҳужумларига қарши мудофаа биринчи ўринга чиқишининг сабаби – АҚШда бир зумда амалга ошираладиган ҳужум концепциясининг қабул қилиниши Россия Федерацияси учун катта хавф туғдиришидир”.

Унга кўра, Россия аллақачондан бери ўзини ҳимоя қилиш системаларини яратмоқда ва ҳар қандай ҳужумга жавоб беришга тайёр. Москва ҳарбий-фазовий ҳимояга сал кам 100 фоиз тайёр. Арктикада зенит-ракетали тўплар комплекcи жойлаштирилмоқда, у ерда МиГ-31 қирғинчи учоқлари ҳам жойлаштирилади. Яқинда биринчи марта С-400 зенит-ракеталари системаси синовдан ўтди, Россия лазер қуроли яратишда ҳам АҚШдан орқада қолаётгани йўқ ва ҳоказолар.

Бундай мақтанчиқликлар ҳамма диктатор давлатларнинг мулозимларига хос нарсадир, дейди мухбиримиз. Аммо, улар қанчалик асосли? Ҳозир ақли расо ҳар бир одам кўриб турибдики, илмий-техник ривожланишда Россия АҚШдан мутлақо орқада қолиб кетиб бўлди. Шундай экан, қурол-яроғ системалари яратишда Россия АҚШ билан баробар кетаётганига аҳмоқ ҳам ишонмайди. Аммо, Россиянинг белида, белига бомбача боғлаб олаган исломчи ўлимчи-террористлардан фарқли ўлароқ, ядровий бомбалар бор. Ҳамма бу факт билан ҳисоблашишга мажбур. Русларни бу босқичда ўша ядровий бомбалар сақлаб турибди.