04 April 2015
01:43 - Ўзбекистон бу йил табиатни муҳофаза қилиш ишига чорак миллард доллар сарфлайди
Ўрисларнинг “РИА Новости” ахборот агентлигига кўра, Ўзбекистон ҳукумати 2015 йилда мамлакатда экологик дастурлар амалиётига учун 250 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтиради. Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мулозими “Ушбу лойиҳалар пахта тозалаш, кимё, металлургия соҳаси корхоналарини белгиланган экологик талаб ва нормаларга мувофиқ тарзда қайта қуроллантиришни кўзда тутади”, – дея маълум қилган агентликка.

Давлат дастурига кўра, Ангрен ва Янги Ангрен иссиқлик электр станциясидаги чиқаётган чиқиндиларни йўқ қилиш, Олмалик кон-металлургия комбинатининг балансдан чиқарилган конларини қайта ишлаш, енгил саноат корхоналарида бўёқдан чиққан оқова сувларни чиқитсиз қайта ишлаш бўйича ускуналарни ўрнатиш, Шўртан газ-кимё мажмуасида қазиб олиш бўйича ускуналарни модернизаци қилиш, пахта саноати корхоналарида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш шулар жумласидандир.

“Ўзбекистон ҳукумати атроф-муҳитни муофаза қилиш, табиий ва биологик ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича 2015 йилга мўлжалланган 14та ҳудудий дастурни маъқуллаган. Ҳудудий дастурлар умумий ҳисобда 690та экологик тадбирни ўз ичига олган. Хусусан, балиқчилик соҳаси салоҳиятини ошириш, асаларичилик бўйича фермаларни ташкил этиш, ёввойи ҳайвонлар учун янги қўриқхоналарни яратиш кўзда тутилган” дейди Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси баёнотида.