31 March 2015
19:11 - Денов бозоридаги мафия ҳақида "Ҳаракат"га келган хат ва "Ҳаракат"нинг таҳлили

“Ҳаракат” хатқутисидан: “Денов бозори Эргашевлар мафияси қўлида”

Мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатимизнинг даромадбоп нуқталари бўлган ёғ ва ун заводлари, пахта хомашёсини қайта ишловчи корхоналар, бозорлар мафия қўлига ўтганини ҳеч ким рад қилолмаса керак. Ўзбекистон ҳукумати ана шундай мафия ва зўровонларга қарши уруш очди. Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигида уларнинг пайини қирқувчи ҳуқуқий асос яратилди. Натижада йўлтўсарлар, рэкетчиларнинг бирмунча пайи қирқилди. Мафиянинг бир қисми хорижга қочди, қамалди, отилди.

Аммо юртимизга кейинги йилларда коррупция деган бало бостириб кирди. Бу шунчалик оғир касаллик эканки, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари унинг пайини кеса олмаяпти. Аксинча, коррупционерларга шерик бўлаётган, уларни зимдан ҳимоя қилиб, халқимиз чўнтагига тушган киссавурлар сингари тармоқ отиб бораётган бундай тўдалар айниқса Сурхондарёда илдиз отмоқда. Бунга вилоятдаги энг даромадбоп муассасалардан бири бўлган Денов тумани “Бободеҳқонбозори” акциядорлик жамиятини мисол келтириш мумкин.

Мазкур бозор нафақат деновликларнинг, балки сурхондарёликларни муҳим ижтимоий муҳим марказларидан биридир. Бу стратегик объект қўшни Тожикистон билан чегарадош бўлгани учун ҳам ҳар жиҳатдан аҳамиятли. Шунинг учун бозор деб аталмиш бу акциядорлик жамияти устав қоидаларида бозорда кечаси тунаб қолиш, номаълум шахсларнинг бозор ҳудудида ўралашмаслиги қайд қилинган. Боиси миллий хавфсизлигимиз, тинч-осойишталигимиз ҳам ана шундай стратегик муассасаларнинг хавфсизлиги билан боғлиқ. Худо кўрсатмасин, бундай бозорда тожикистонлик аллақандай оқим аъзолари ёки бетайин кимсаларнинг пайдо бўлиши халқимига нақадар хавфли эканини тасаввур қилиш қийин эмас.

Аммо ҳозирги кунда Фахриддин Эргашев исмли бозорқўм аталмиш коррупционер шахснинг қўлида бўлган, на хавфсизлик ва на тартиб бўлмаган бу бозорда ҳар қандай кўнгилсизлик бўлиши мумкин. Шундай бўлди ҳам: бозор ҳдудида ўтган йили пичоқбозлик, ичкиликбозлик ва ҳоказо ҳодисалар содир бўлди. Терророзим, экстремизмга бир қадам бўлган бундай воқеалар деновликларни сарсимага солиб қўйган.

Бозордаги кундалик тушум билан сурхондарёлик катта-кичик амалдорларнинг оғзини мойлашга уста Фахриддин Эргашев ҳақиқатан ҳам мафия: унинг Комил, Олим исмли укалари Деновдаги ёғ-экстрация заводида семиришмоқда. Маҳаллий фермер, Ўзбекистон Қаҳрамони Аҳмад фермернинг улуғ номи унга соябон, у доим вилоятдаги нуфузли идорада хизмат қилувчи Нодир Тўрақвулов деган одамнинг номи билан иш кўради. Унинг таъкидича, Нодир Тўрақулов Давлат Солиқ қўмитаси раиси, генерал Ботир Парпиевнинг арзанда куёви эмиш. Деновдан олинган даромадларнинг бир қисми тўғридан-тўғри Тошкентга, Солиқ қўмитаси раҳбарига кетармиш.

Шу боисдан ҳам давлат томонидан акциядорлик жамияти шаклига келтирилган бу бозорни юритишда Эргашев жаноблари туман ҳокими Баҳром Маматқулов. Унинг ўринбосари Дилмурод Аллабердлиев, тумани ИИБ бошлиғи Ўктам Тоғеавеларни бир тийинга олмайди. Унинг туман МХХдаги шериги Дилмурод эса вилоятдаги ҳомийси Тўрақулов билан боғланишида воситачидир.

Мазкур бозор мулкчилик шаклига кўра, акциядорлик жамияти бўлиб, у акция эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатлари доирасида иш кўриши лозим. Муҳтарам президентимиз Ислом Каримовнинг узоқни кўзлаб юритаётган сиёсатларига кўра, мулкчиликнинг бундай шаклига акциядорларнинг умумий йиғилиши, кузатувч кенгаши раҳбарлик қилиши лозим. Қолаверса, бу борадаги қонунчиликни таъминлаш, монитроинг қилиш Давлат Мулк қўмитасининг қимматли қоғозлар департаментига юклатилган. Бироқ вилоятдаги “Бозорсавдо” уюшмаси бошлиғи Иброҳим Иманқулов, қимматли қоғозлар идораси раҳбари Эрик Искандаров, мониполиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш ташкилоти раҳбари Тоир Хуррамовлар Эргашев мафиясининг қўлига сув ҳам қуя олмайди.

Чунки бозорни назорат қилиш, давтлатга тушиши мумкин бўлган пуллар, халқимиз, давлатимиз ғазнасини бойитиши керак бўлган маблағлар Эргашев орқали юқорида номи зикр қилинган коррупционер дўстларимизнинг хазинасига кетади-да. Бозорнинг Рустам ва Сухроб Холматов сингари қоровуллари мўмайгина пул эвазига тожикистонлик тужжорларни бозор ертўлаларига жойлаштириб, уларнинг бошини силашмоқда. Ким билади, тунларни осойишта бозор ертўлаларида ўтказаётган тожикистонликлар нима қилишяпти: балки терроризмга тайёрланашиаётгандир, балки қўпорувчиликка?!

Хуллас, бозор порохли бочканинг устига ўрнатилган муассасага ўхшаб қолди. Исталган куни портлаши мумкин бўлган, халқимизга кулфат келтирадиган бир гўшага ўхшайди. Бу ерда истаган одам тутунини бурқситиб шашлик пиширади, истаган киши билганини қилади. Фақат Эргашевлар, улар орқали вилоятдаги раҳбарларга чўталини бериб туришса бас.

Бозордаги санитария, гигиена ҳақида гапириш ортиқча. Чунки давлат ғазнасига тушиши керак бўлган миллионлаб, балки миллардлаб пуллар мафиячиларимиз уйлари пештоқига безак бўлаётган, хотинчалари бармоқларига бриллиант, тилла узук бўлиб тақилаётган бир пайтда гигиенага бало борми?

Мамлакатимизда муҳим сиёсий тадбир – Президентлик сайловлари ўтди. Давлатимиз раҳбарининг зийрак нигоҳи бизнинг Деновга ҳам тушса, бу ердаги халқ нонини туя қилаётган ўғриларга тушса, деб орзу қиламиз. Ватанаимиз равнақи, унинг фаровонлиги учун хизмат қилаётган нуфузли идоралар раҳбарларининг эътибори Деновга қаратилишидан умидвормиз. Ахир, бозор халқимизнинг муҳим қадриятларидан биридир, уни оёқости қилиш халқни оёқости қилиш билан баравар-ку!

Нозим Ахмедов, Денов тумани
nozim71@inbox.ru

“Ҳаракат” таҳрирятидан: Ҳурматли ўқувчимиз Нозим Аҳмедовнинг ёзган нарсаларига, уларни текшириб ўтирмасданоқ ишониш мумкин. Чунки, Ўзбекистондек давлат ўғрилик, порахўрлик ва коррупция ботқоғида ўлаётгани маълум факт. Ҳа, буларга қарши курашиш керак. Ўзбекистон ҳукумати курашаётганига ҳам ишонамиз. Ислом Карим порахўрлик ва коррупцияга қарши эканлигига ва бунга қарши курашётганига ҳам ишонишга тайёрмиз. Аммо, қандай кураш ҳақида гап кетмоқда. Муаммонинг моҳиятини билмасдан у билан курашиш - касалга диагноз қўймасдан даволаш бошлашга ўхшаган кулгили нарсадир. Аслида, кулгили эмас, фожеадир.

Шуни тушуниш керакки, Оллоҳ шундай яратган одамлар ичида порўхўрлик доим бўлган, бор ва бўлади. Худди, автомобиллар бор экан, ҳалокатлар ва қурбонлар бор бўлгани ва келажакда ҳам бўлиши муқаррарлиги каби. Инсонларнинг бу йўналишда қилоладиган ишлари – ҳалокатларни, порахўрлик ва коррупцияни минималлаштиришдир.

Автоҳалокатларни камайтириш – фақатгина ҳайдовчиларни тарбиялаш, йўл қоидаларини бузаётганларни жазолаш билан бўлмайди. Курашнинг асосий йўналиши – йўлларни автотранпорт ҳалокатларини камайтирадиган қилиб қуришдир. Масалан, катта йўлларда қарама-қарши оқимларни бир биридан чизиқ билан эмас, жисмли тўсиқлар билан ажратиш катта ҳалокатларни олдини олишда жуда муҳимдир.

Порахўрлик ва коррупциянинг олдини олишнинг ягона самарали йўли эса, демократиядир, ошкораликдир, ҳокимиятнинг ҳақиқий мухолифат иштирокидаги ҳақиқий сайловларда сайланишидир. Ўзбекистон дунёдига энг ёмон 10 та диктаторликдан бирими, демак, порахўрлик ва коррупцияда ҳам энг ёмон 10 талик ичида ўтраверамиз.

Ислом Карим бундай нарсаларни тушунмайди ҳам, тушуниб қолса ҳам диктатурадан воз кечмайди, кечолмайди. Чунки, уни Ўзбекистон ва ўзбек халқини йўқ қилиш вазифаси билан Лубянка бошимизга ўтқазган.

Шу сабабли, Нозим Аҳмедов каби халқнинг жонкуярларига мурожаат қиламиз. Ўзбекистондек давлатни ўлимга олиб кетаётган бу ва бу каби касалликлардан қутлишнинг йўли демократиями, демократия учун куршаётган “Бирлик” Партиясига қўшилишдан бошқа йўлингиз йўқ.

Юрт ташқарисда турли тўгаракалар тузиб олиб, ҳаммани лақиллатишга интилаётган ва ўша ердан туриб Ўзбекистоннинг муаммолари билан шуғулланамиз деб лоф отаётган гўёки мухолифатчиларга ҳам тупуришни ўрганиш керак.