30 March 2015
20:50 - Яна бир сенсация: Kun.uz интернет нашри Ўзбекистондаги сайлов масхарабозлигини фош қилди, расм билан ҳам

Бугун мазкур номдаги интернет нашри “Ўзбекистон Президенти сайловида ҳақиқий сиёсий рақобат кузатилмади” номли мақола чоп қилди. Унда Ўзбекистон Президенти сайловини кузатиб борган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) қошидаги Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг (ДИИҲБ) сайлов якунлари бўйича дастлабки хулосалари келтирилади.

“29 март куни Ўзбекистонда ўтказилган Президент сайловида амалдаги президент шахси сиёсий майдонда ҳеч бир ҳақиқий мухолифатсиз устунлик қилди. Ушбу муҳит шароитида сайлов жараёнидаги доимий ҳуқуқий ва ташкилий камчиликлар ечилмасдан қолмоқда”, дейилади Kun.uz иқтибос келтирган баёнотда.

Хусусан ЕҲХТ кузатувчилари:“Ташвиқот тадбирларининг кўпчилиги барча номзодлар учун тенг имкониятларни яратиш, жумладан ОАВлардан фойдаланиш ва учрашувлар ўтказиш, бўйича ҳуқуқий низомларни амалга тадбиқ қилиш шартига асосланган бўлса ҳам, қаттиқ чеклов остига олинган ахборот воситалари амалдаги президентга яққол афзаллик бердилар. Амалдаги президентнинг сиёсати ва эришган натижалари бошқа иштирокчилар томонидан ҳеч ҳам сўроқ остига олингани йўқ”, – дейишган. Kun.uz нинг иқтибосича, Конституция ифода эркинлигини таъминлайди, шу билан бирга қонунчилик ахборот тарқатиш эркинлиги борасида қаттиқ чекловлар қўяди, бу эса ўз-ўзини цензура қилишга олиб келади ва ОАВ муҳити мавжуд муқобил фикрлар ҳақида маълумот олиш ёки маълумотларга таянган холда танлаш борасида сайловчилар учун фойдали бўлмади.

Ўз вақтида инфонмацион майдонни забт этиш мақсадида Президент ҳузуридаги фуқаролик жамиятини ўрганиш институти томонидан ташкил қилинган ва давлат томонидан молияланган сайтнинг ЕХҲТ баёнотини чоп қилиши шунчаки тасодиф эмас, ўйлаб амалга оширилган тадбир. Ислом Каримга 100 фоиздан кам овоз берилганини эълон қилиб, бизда гўёки эркин овоз бериш имконияти борлиги кўрсатилган бўлса, бир икки жойда ДИИҲБнинг хулосаларини эълон қииб, бизда сўз эркинлиги ҳам борлигини кўрсатиш бўлган.

Нима бўлса ҳам айтиш жоизки, мавжуд режим ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги сайловлар масхарабозлик экани ҳақидаги хулосаларини эълон қилишга мажбур бўлди. Аммо, ўзбекларни бундай нарсалар қизиқтирмаслиги ҳам ўз-ўзидан маълум. Ўзбекистонда биринчи марта 1991 йил 29 декабрда ўтказилган президентлик сайловлари бўйича ҳам ЕХҲТ шу каби баёнот эълон қилган ва ўша сайловларнинг асосий камчилиги - "Бирлик" номзоди Абдураҳим Пўлатнинг сайловларда иштирок эттирилмагани эканлигини урғулаган эди.

Дарвоқе, Kun.uz сайти ЕХҲТнинг хулосалари ҳақидаги хабарга илова қилган расмга қаранг. Оддий ёш йигит президентликка номзодларнинг масхарабозларча бир хил қилиб чиқарилган плакатларини тамоша қилмоқда, скаймекда ўтирган бир одам эса унга жиннига қарагандек қарамоқда. Бунда расмни эълон қилишнинг ўзи мардликдир.