30 March 2015
00:41 - Қримни босиб олган Россия қримтатарларининг жаҳонда ягона телеканалини бекитмоқчи

Қримтатар Халқ Мажлиси 28 март куни “Қримда мустақил қримтатар оммавий ахборот воситалари бекилиш хавфи остида” номли баёнотини эълон қилди.

Унда айтилишича, дунёда қримтатар тилида ягона бўлган АТР телеканали, болаларнинг “Ляле” телеканали, “Майдон” радиостанцияси, “Авдет” ва “Къырым” нашрлари, QHA ахборот агентлиги ҳукумат уларни қайтадан рўйхатга олишдан бош тортаётганлиги сабабли шу йил 1 апрелдан ўз фаолиятларини тўхтатишга мажбур бўладилар.

Қримтатар Халқ Мажлиси ҳукумат ерли халқнинг БМТ тарафидан тан олинган ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилаётганини урғулаш билан бирга, ҳамма ватандошларини инсон ва миллат ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун курашга чақирган. Мажлиснинг хабарида айтилишича, қримтатарлари фақат Қримда эмас, Украинанинг бошқа жойларида ҳам бу масала бўйича норозилик акциялари ўтказмоқдалар.

Эслатиб ўтиш керакки, Россия Қримни босиб олгандан кейин қримтатарларининг миллий лидери Мустафа Жамил ўғли ва Қримтатар Халқ Мажлисининг раиси Рифат Чубаровнинг Қримга киришларини бир неча йилга таъқиқлаган. Ҳозир улар мажбуран Киевда яшамоқдалар. Украина Президенти Петр Порошенко Мустафа Жамил ўғлини ўзининг қримтатарлари масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинлаган.