28 March 2015
23:19 - Юсуф Жуманинг сўзлари ва Абдураҳим Пўлатнинг нидолари: Ўзбек халқи ўз қуллигига овоз беришдан тўхтайдими, огоҳлантиришларга қулоқ соладими?

Юсуф Жума: Ўзбистон сайловчиларига, ёхуд шаҳид мақомида ўтган Шайх ҳазратлари ўлими ҳақида сўз

Қўрқоқлик, нодонлик - онгсизлик - руҳий ногиронлик!
Миллатнинг катта кичиклигини сони эмас ақли белгилайди.
Қўрқоқ ва нодон - курашмайдиган эл - руҳий ногирон эл!
Ақли катта миллат - катта миллат!

ХХ аср 80 йиллар.

Тошкентда бир қорақалпоқ ёзувчисига дедим:
- Орол қуриб, Сизни туз босди, элга қийин.
- Ёлғон! Туз тиззадан келмайди, туз босса одам ўладику?!

Шўрлик ёзувчи тикка турган одамни туз босса туз босди деб тушунаркан.

Жаслиқда билдим:
Бу халқ онасини мамаша, отасини папаша деб айтар экан. Ҳаҳотки қадимий бир элда ота она деган сўз бўлмаса?! Бобосини отец деркан. Қорақолпоғистоннинг Россияга, ҳеч бўлмаса Қозоғистонга қўшилишини истайди.
Бугун ўзбек ҳам Қорақалпоқдан онгсиз,
Бир ҳовуч онглиси ҳам мени кечирсин!

"Жаслиқ"да Қувалик Султон Абдураҳмонов билан изоляторда, бир камерада эдик. Кўз ўнгимда ўпкасига овқат, атала, юбориб ўлдирдилар.
Диндор, юзидан нур ёғилиб турган, ўйланмаган йигит эди.
Султонни Каримов ўлдирди десам, элим дейсан: Каримов Жаслиқда ишламайдику?!

Абдуманноп Пўлатовни заҳарлаб, саратон бўлишига сабаб бўлди десам, Каримов АҚШ га Президент эмаску, дейсан. Абдуманноп Пўлатов Ўзбекистонга бориб келди, АҚШ даги Ўзбекистон элчихонасига заруратдан, иш юзасидан бориб турган.

Россиядан ўлиги келаётган йигитларни Каримов ўлдирди десам, Каримов Россияга бориб бўғиб ўлдирдими деб сўрайсан.

Шайх Муҳаммад Содиқ, Муҳаммад Юсуф ҳазратларини Мустабид ўлдирди деб ёзсам, Ислом Каримов каллакесарлари билан келиб, шайхнинг оғзига заҳар қуйибдида деб тушунасан ва бундай бўлмаган деб туриб оласан.

Бу гапларни ёзмасдим, агар "Мустабиднинг бир сўзига шарҳ" ни ёзганимдан кейин 20 мартда МХХ юборган Шайх ҳазратларининг сўнгги онлари ҳақида расмлар "Озодлик" да эълон этилмаса.

МХХ деяпди: "Мана мазза қилиб ўйнаб ўтирганди, Юсуф Жума ёлғончи! "

Йўқса нечун 1 мартда эмас 20 мартда юбориляпди?!

Она элим, Қуръони каримдаги Тангри ҳукми - Ақлингни ишлатсанг-чи!

Биринчидан, Шайхга Каримовнинг бурубги этган зуғумлари бир инсон бошини ейишга етарли. Ўз юртидан айрилиш юртпараст инсон учун ўлим билан баробар. Бошқа азобларни айтмаганда ҳам.

Шайхга юртсиз яшаш оғир эди, юртини севгани учун ҳам жонидан айрилди, истаса у Араб давлатларида қироллардек ҳаёт кечира оларди.

Иккинчидан, Каримовда шундай заҳарлар борки, истаса бир йилдан кейин, истаса дафъатан ўлдиради. Заҳарни овқатга қўшиб бериш шарт эмас. Ҳатто узоқдан туриб нур орқали ҳам ўлдириши мумкин. Агар юртдан ташқарида бўлса оттиради, ахир юртдан ташқаридагиларни оттиряпдику!

Нима бўлганда ҳам Ислом Каримов шайх ҳазратлари қотили! Шайх: Подшоҳ Оллоҳнинг сояси дегандилар, "Оллоҳнинг сояси" бошларини еди.
Энг аниғини Тангри билади, ҳар кимнинг мақомини ҳам ўзи белгилайди.
Менимча Шайх ҳазратлари шаҳид мақомида оламдан ўтдилар.

Шайх Ҳазратларининг икки буюк хизмати, бири исломни элга уқтирди, иккинчиси элни ҳар хил оқимлардан асраб қолди. Бу Тангри ва юрт олдида чексиз қийматга эга.

Мустабид, миллат ва юрт душмани, хоини Ислом Каримов миллионларнинг бошини еди. Амир Темур ҳазратлари Жаҳонни олгунча эл бунча қурбон бермаган.

Лекин бунга боис элми, мустабидми?!

Эл, ўттиз бир миллион, бир маразга сиғинсая?!

Эрта индин яна шу қотилга овоз берасан, ёмон кўрсанг ҳам қўрққанингдан борасан.

Сайловга бораркансан, миллионлаб шаҳидлар гўрларини, оёқларинг билан топтаб боради.
Сайловга бораркансан, ҳали совумаган Шайх ҳазратлари қабрини топтаб борасан.

Миллат қотилига овоз бераркансан, янги қатоғонлар учун овоз берган бўласан.

Ватан ва эл Жаллоди - Ислом Каримовга берган овозинг - қуллигингга, дарбадарлигингга, ўлимингга берган овозингдир!

"Бир муддат ҳақ йўлида бўлмоқ эллик карра ҳаждан афзалдир" деб сабоқ беради муқаддас ҳадис.

Сен эса бир умр қўрқув ва жаҳолат йўлидасан!

"Жаҳолат сассиғи бизни ҳамиша беҳузур этмиш" деб шеър битган Даҳо Абдулла Қодирий ҳазратлари. Даҳоларингни англамайсан, Юҳоларингга сиғинасан.

Она элим, Бошингдаги бало учун овоз бергин,
Янги-янги қирғин учун, фано учун овоз бергин.

Илон тухумин очиб, аждар этган товуқдирсан,
Овоз бер Аждаҳо учун, Юҳо учун овоз бергин!

Ўзингга сафарбарликка - қулликка, дарбадарликка,
Борса қайтмасга, сақарга, уқбо учун овоз бергин.

Ўлдирдику пирларингни, беш ўн дона эрларингни,
Топтаб барин гўрларини, ғавғо учун овоз бергин.

Гўрдан чиқ номозод Озод Шарофиддин,
Пиримқул Қодирга ҳам айт, расво учун овоз бергин.

Норасосан - шоҳ нороса, нобиносан - шоҳ нобино,
Бу Сенга Тангридан жазо, жазо учун овоз бергин.

Номуносиб овозингга, муносибдир қасосингга,
Худодан бошқаси хато, Худо учун овоз бергин!

25 март, 2015 йил

Абдураҳим Пўлат: Юсуф Жуманиннг ўзбек халқини бугунги аянчли ва даҳшатли аҳволини таърифловчи сўзларига, жумладан, “Лекин бунга боис элми, мустабидми?!” деган саволига мутлақо қўшиламан. Тўғрисини айтиса, бош сабабчи халқнинг ўзи эканлигини аввалдан айтиб келмоқдаман, Юсуф Жума халқимиз “норасо”, яъни “етук бўлмаган”, “нуқсонли” дебди, мен бундан ҳам қўполроқ сўзлар ишлатиб, ўз миллатим “пода”га айланганини гапирмоқдаман ва ёзмоқдаман. Минг афсус, шунга мажбур бўлмоқдаман, Юсуф Жума ҳам мажбур бўлганидан “ўз қуллигингга овоз бергин” сўзларини ёзаётганини тушунаман.

Хўш, бу сўзларимиз ва нидоларимиздан фойда борми, ёки бўладими? Ўйлаб қоласан киши. Ахир мен 1990 йили ёзилган “Ўзбекистон мустақил диктатура остонасида” номли мақоламда “аввал миллатнинг қонини Совет коммунистлари тўкканди, энди ўзимизникилар тўкади” деб башорат қилган эдим. Айнан шундай бўлмоқда-ку! Қани миллат? Қани унга етакчи бўлиши керак бўлган зиёлиларимиз ва уламоларимиз? Йўқ ҳисоб бундайлар. Шундай экан, “Нима қилиш керак?” саволи осилиб қолаверади.

Менинг фикримча, ҳамма ақли расо ўзбеклар “Бирлик”да бирлашишлари ва ўзбекнинг душмани бўлган мавжуд тузумдан тезроқ қутилишлари керак. Акс, ҳолда, минглаб эмас, юзминглаб одамларнинг ўлими билан тугайдиган қонли воқеаларга етиб боамиз. Ҳозир ўшаққа қараб судралиб кетмоқдамиз.

Аммо, 1990 йилда “Ўзбекистон мустақил диктатура остонасида” деб қилган башоратларимга эътибор бермаганлар, 25 йилдан кейин қилаётган навбатдаги башоратларимга эътибор берармикан?