04 March 2015
10:04 - Юсуф Жума: Қабри кўчирилган Сулаймоншоҳ хотирасига

Бий бобом, Амир бобом
Ёвқур, жаҳонгир бобом.
Ҳокдан чиқ, майдонга туш
Аввал хоин кўксини теш.

Ўликларга гўр йўқдир,
Тирикларга ер йўқдир.
Боиси бу дунёда
Туркийларда эр йўқдир.

Ҳақ йўлида қадам от
Шўрлик очун номурод.
Қадаминг - ёвга ўлим,
Қадаминг элга ҳаёт.

Боболаринг Ўғизхон,
Зўр Атиллахон билан.
Чиққин ҳокдан ўт ўғлинг
Буюк Усмонхон билан.

Буюк Темурхон билан,
Буюк Бобурхон билан
Баринг Тангрининг нури
Биттамиз осмон билан.

Бир қадамимиз - ўлим,
Қутурган ёғийларга.
Бир қадамимиз - ҳаёт
Эл - эрларга, бийларга.

Навкарингман, аждодим
Ҳақ йўлида қадам от.
Бир қадамимиз ўлим,
Бир қадамимиз ҳаёт!

Пойимиз тоғни тешсин,
Бошимиз кўкни тешсин.
Ёғийлар гўрга тушсин
Туркийлар кўкка тушсин.

Қани босдик, унади
Изимиздан эрк, нажот.
Бир қадамимиз - ўлим,
Бир қадамимиз - ҳаёт!

2 март 2015