27 January 2015
01:36 - Туркия ҳамма ерда ютқазмоқда, Кобани эса ИШИДдан курдларнинг қўлига ўтди
2014 йил 25 октябрдаги хабаримизда “Туркия ИШИД атрофида ўз ўйинини ўйнамоқда, тўғри қилмоқда” деб ёзган эдик. Мана орадан роппа-роса 3 ўй ўтди. Бугун Туркия бу ўйиннинг навбатдаги босқичини ютқазди.

Ҳамма гап шундаки, курдлар Саддам Ҳусайин режимини йиқитишда Ғарбга ёрдам бердилар ва Ироқнинг шимолияда феълан Курд давлати қуриб олдилар. Сурияда ИШИД пайдо бўлгандан кейин, Ғарб уни йўқ қилиш йўлига тушди. Ғарб бўлмаса, ИШИД атрофдаги ҳамма мусулмон мамлакатларини босиб олиб, ўрта асрларни эслатувчи Халифат тузиши, мусулмонларни ўрта асрларга судраши муқаррардек кўринмоқда.

Аммо, Ғарб қандайдир ИШИД билан урушда ўз аскарларни қурбон қилишни истамади. Буни тушуниш мумкин, ақли ишлайдиган ҳар қандай давлат айнан шундай қилган бўларди. Ғарб ИШИДга қарши урушга мустақил давлат тузиш йўлида ҳар қандай қурбон беришга тайёр бўлган курдларини ташлади. 3 ой давом этган қақшатқич жанглардан кейин, юзлаб, балки, минглаб қурбонлар эвазига курдлар кеча Кобанидан ИШИД уриб чиқардилар ва бу шаҳарнинг назоратини қўлларига олдилар.

Эндиги қадам қандай бўлиши ҳам аниқ деса бўлади. Ироқ шимолида бўлгани каби, Сурия шимолида ҳам Ғарб тарафидан қўллаб-қувватланадиган феълан мустақил Курд давлати қурилади. Дарвоқе, Ироқда кудлар давлатининг раҳбари Месут Барзани Кабанининг озод қилинишида берган ёрдами учун Туркия Жумҳуриятига расман миннатдорчилик билдирди. Аслида, бу турклар устидан кулишдир.

Ироқ ва Сурия ҳудудларидаги иккита курд давлатининг бирлашиши, ундан кейин Туркиянинг жанубий-шарқий қисми ҳам уларнинг қўлига ўтиши – русчасига айтсак “вопрос времени”.

Туркиянинг исломчилар ҳукумати эса, Ғарб ва Исроил билан жанжал қидириш билан овора. Бу ютқазиш йўлидир. Туркияда янги бир Отатурк чиқмаса ва Туркия бу ўйинда ютқазса, Турк Дунёси Бирлиги тушунчасига ҳам ҳозирги босқичда нуқта қўйиш мумкин. Агар Ўзбекистон ҳозирги ғариб аҳволдан чиқолмаса, Турк Дунёси Бирлигига бутунлай нуқта қўйса бўлади.

Атрофимиздаги анча-мунча давлатлар айнан шундай бўлишини истайдилар. Ўзбекларнинг эса, ҳозирча бундай масалалар билан ишлари ҳам йўқ, бундай масалаларни тушунмайдилар ҳам.