23 January 2015
22:27 - Жаҳон Банки Ўзбекистондаги автомобиль йўлларини таъмирлашга кредит ажратади
“Ўзавтойўл” ширкати бошқаруви раиси Абдураҳмон Абдувалиев Жаҳон Банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили Мустафо Бенмаамар билан мамлакатдаги маҳаллий аҳамиятга эга бўлган йўлларни тўлиқ таъмирдан чиқариш лойиҳасига кредит ажратиш масаласини гаплашди. Ширкат матбуот хизматининг хабарига кўра, Жаҳон Банкининг лойиҳаси бўйича биринчи босқичда Тошкент вилоятидаги автомобиль йўлларининг умумий узунлиги 158 километр бўлган 20 та жойида капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун кредит маблағлари ажратилиши кўзда тутилган.

“Иккинчи босқичда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги умумфойдаланиш автомобиль йўлларининг таъмирланиши учун маблағ ажратилади. Шунингдек, учрашув пайтида “Ўзавтойўл” компаниясини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича масалалар муҳокама қилинди”, – деди матбуот хизмати вакиллари.

Таъкидлаш керакки, Жаҳон Банки томонидан мамлакатдаги автойўлларни таъмирлашга аввал ҳам йирик миқдорда кредитлар ажратилган. Аммо, ўша лойиҳалар реализациси даврида содир бўлган кўзбўямачиликлар туфайли кўпгина молия муассасалари кредит беришни тўхтатганди.