06 January 2015
08:13 - Ҳаракат хатқутисидан: “Маҳмуд Худойбердиев каллакесарми?” деган савол ва Абдураҳим Пўлатнинг жавоби

Кобил Муллажонов: Ассалому алайкум! Абдурахим ака, бугун сахифангизда "...качон узларини осадилар?" маколасини укиб колдим. Унда Махмуд Хулойбердиевни "узбекларнинг афсонавий лидери" деб атабсиз. Мен шу кунгача бу одамни Каримов хизматидаги ксллакесар деб укигандим. Тушунолмай колдим, ким узи бу одам, нега у хакда хеч нарса езилмайди?


Абдураҳим Пўлат: Қобилжон, минг афсуски, бу дунёда жуда кўп нарсаларни исботлаш осон эмас. Эшитган бўлсангиз керак, ҳатто АҚШдек давлатда ҳам қотилликда айбланиб, бутун умрга озодликдан маҳрум этилган бир одамнинг айбсиз эканлиги 20 йиллардан кейин  ДНК анализи асосида очилиб қолди. Ҳақиқат кеч бўлса ҳам ўртага чиқди.


Ёки, бошқа мисол. Россия Президенти Ельциннинг расмий қоровул отрядининг раҳбари Коржаков аввалига Ельцинга жуда яқин одам эди, кейин ашаддий душмани ва мухолифатчисига айланди. Ельциннинг обрўси тушиб бораётган йиллари ўша қоровулбоши сал кам қаҳрамонга айланиб, Давлат Думасига депутат ҳам бўлиб сайланди. Яна бир оздан кейин ўша Коржаковнинг икки аёл билан  бир тўшакда ётганини кўрсатувчи видео тарқатилди. Табиий, уччаласи ҳам қип-яланғоч. Тўпалон шу даражага чиқдики, бу видеонинг қисмлари ҳатто Давлат Думасининг мажлисида кўрсатилди. Коржаков эса, “у одам менга жуда ўхшаш экан” дейиш билан чекланди. Қани ҳақиқат?


Демак, бир одам бошқасини ўлдираётганини 10 киши кўриб қолиб, судда гувоҳлик берса, қотил “улар менинг ўхшашимни (двойнигимни) кўришган” деб туравериши мумкин.


Бу дегани, ҳеч қандай жиноятни аниқлаб бўлмайди, дегани эмас. Кенг кўламли терговлардан кейин, қўлда бор бўлган бевосита фактлар, билвосита маълумотлар (русчасига – данные) ва мантиқли аргументлар асосида суд ҳукм чиқаради.


Журналистлар ёки сиёсатчилар судья эмас, аммо улар ҳам алжирамасдан, бевосита фактлар, билвосита маълумотлар  ва мантиқли аргументлар асосида гапирсалар, уларни фикрларини эътиборга олиш керак ва олинади ҳам. Ривожланган мамлакатларда айнан шундай амалиёт бор. Табиий, ўзбеклар ҳали факт нима, билвосита маълумот нима, мантиқли аргумент нима эканлигини ҳам тушунишмайди. Ислом Карим айтган ҳикояларга ишониб юраверишади. Мухолифатчиликка иддао қилаётганларнинг кўпчилиги ҳам айнан шундай. Ўйлаб кўриш деган нарса ҳаёлларига ҳам келмайди.


Мен бу ерда Сиз кўтарган мавзу бўйича кенг кўламли тергов олиб бориш ниятим йўқ. Ўша воқеалар билан боғлиқ бўлган 2 та воқеани тилга оламан. Уларни яхши тушуниш учун “Ҳаракат” Агентлиги тарафидан 2010 йил 22 май куни эълон қилинган “Андижон воқеалари - МХХнинг акромийлар воситасида амалга оширилган провокациясидир” сарлавҳали хабар-лавҳани ўқиб кўрганингиз яхши. Унинг адреси - http://www.harakat.net/actual/?id_topic=9&id=134


Биринчи воқеа. Андижон воқеаларидан 1-2 йилдан кейин Англияда ўтказилган қандайдир семинарда 53-54 лақабли ҳаромий Салой Мадамин “Андижонда акромийларнинг намойишчиларини Маҳмуд Худойбердиевнинг одамлари ўққа тутишган” деб баёнот берибди ва ўзига бу маълумотни қайсидир қўшни мамлакатнинг хавфсизлик хизматлари беришди, дебди. Бутун атрофимиз – диктаторлик давлатлар. Бу давлатлардан биронтасида Андижон воқеаларига доир маълумот бор-йўқлигини қўйиб туринг, уларнинг махсус хизматлари Салой Мадамин каби аҳмоққа қандайдир маълумотлар беришига ишонадиган борми? Ёки, тожиклар ўзбекнинг қўли билан ўзларига душман деб ҳисоблайдиган бошқа ўзбекни каллакесарга айлантиришга ҳаракат қилишмадими? Балки, қилишгандир. Аммо, “Ҳаракат” бунга йўл бермади ва хоин Салой Мадаминни Тожикистон хавфсизлик хизматига ишлашда айблади.


Қолаверса, акромийларнинг чиқиши – ҳақиқий террористик акт бўлган. Уларнинг қуролли гуруҳи аввал қамохона, кейин ҳокимлик биносини босиб олган. Ҳар қандай давлатда бундай террористик гуруҳ йўқ қилинади. Табиий, бегуноҳ одамлар ичида қурбонлар бўлмаслиги учун керакли ишлар қилинади. Ўзбекистон ҳукуматининг минг кишидан ҳам оз одам бўлган митингни тарқатиб юбориб, 20 тача қуролланган террористни қўлга тушириш ёки йўқ қилиб юборишга кучи йўқмики, бу иш учун Маҳмуд Худойбердиевни чақиришади? Бу ёлғонга ишонадиган ўзбеклар бормикан-а?


Иккинчи воқеа. Табиий, Салой Мадамин қанчалик аҳмоқ бўлмасин, ҳеч қанда фактсиз ўзбекларга яна бир марта хоинлик қилганини сезиб қолганга ва ўзи билан оғиз бурун ўпишиб қолган ўша террорист акромийларинг лидери Баҳром Шокиров исмли ифлосдан ёрдам сўраганга ўхшайди. Баҳром Шокиров ББС радиосига 2010 йил 21 майда берган интервьсида шундай дейди: “Ўша куни Андижон туман милиция бўлимида эдим. Замначальник Носир билан бирга турувдим, унга битта капитан келиб, доложить қилди, "Маҳмуд ака келди, тўртта броневик келаяпти Наманганнинг йўлида.”


Террористик гуруҳни йўқ қилиш ишлари бошқарилаётган штаб ичида террористик гуруҳнинг раҳбари бор бўлганига ишонадиган одам борми ўзбекларнинг ичида? Балки, бу ифлос Баҳром Шокиров Маҳмуд Худобердиевнинг одамлари халққа ўқ отаётганини ҳам ўша миршабхона ичидан туриб тамоша қилиб тургандир?


Шунақа гаплар, ҳурматли Кобил Муллажонов. Ёки ҳали ҳам тушунтиролмадимми ҳақиқатни?


Дарвоқе, Баҳром Шокировнинг ёлғон тўла интервьюси, шароит ўзгарса, МХХ хизматида ишлайдиган ББСнинг ўзбек хизмати ходимлари тарафидан йўқ қилиб юборилиши мумкинлигини ҳисобга олиб, унинг матнинг “Ҳаракат” сайтига қўйиб қўйганмиз. Адреси - http://www.harakat.net/actual/?id_topic=9&id=133