28 November 2014
07:24 - “Бирлик” ва “Ҳаракат”нинг таклифларини қабул қилишга мажбур бўлган Ўзбекистон ҳукумати Россиядаги мардикорларимиз фаолиятини легаллаштирмоқчи
Кеча Тошкентда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди ва унда 2015 йилда Ўзбекистон фуқароларни РФда ташкиллаштирилган тарзда ишга жойлаштириш тўғрисидаги битимни тайёрлаш ҳақида қарор қабул қилинди. Ҳозирда ҳеч ким эътибор бермаётган мазкур қарор, таъбир жоиз бўлса, Ўзбекситон ҳаётидаги энг долзарб актлардан бири бўлиб, унинг моҳиятида Россиядаги меҳнат муҳожирларимиз фаолиятини тартибга солиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсади ётади.

Гарчи, Президент Ислом Карим ўтган йилнинг ёзида Жиззахдаги чиқишларидан бирида мардикорларни “дангса” деб атаб, ўзининг саводсизигини яна бир марта кўрсатган бўлса-да, асл ҳақиқатни тан олишга мажбур. Яъни, кечаги мажлисда айтилганидек, Россия ва Ўзбекистон шу йил охиригача Россия ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон фуқароларини ташкиллаштирилган тарзда ишга жалб этиш ва ёллаш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим лойиҳаси бўйича ўзаро таклифлар билан алмашади.

“Бундай келишув Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига нисбатан мавжуд кескинликни баратараф этиши мумкин”, - деди йиғилиш давомида Россия ҳукумати раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Козак.

“РИА Новости” тарқатган хабарга кўра, меҳнат муҳожирлари масалалари бўйича ишчи учрашув, шу жумладан, тезкор ахборот алмашиш ва ушбу соҳада ўзаро ваколатхоналарни очиш бўйича таклифларни мувофиқлаштириш ишлари 2015 йилнинг биринчи чорагига режалаштирилган.

Шунингдек, ишлаб чиқилган тавсиялар якунлари бўйича 2015 йил июлига қадар томонларнинг позицияларини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда, улар тайёрланаётган битимнинг асосига айланади. Ҳечдан кўра кеч, деганларидек, шунга ҳам хурсанд бўлишимиз керак.

Аммо, унутмайликки, “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” агентлиги Россияга кетаётган меҳнат муҳожирларига ҳукумат даражасида ёрдам бериш кераклигини доимо гапириб келмоқдалар.

Бу масалани биринчи бўлиб “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат Марказий Осиёлик демократ мухолифатчилар тарафидан Швецияда чиқарилган “Марказий Осиё ва Кавказ” журналидаги мақоласида 1995 йили кўтарган эди. У 2008 йили шахсан Ислом Каримга мактуб йўллаб, чет элда яшаётган ва ишлаётган ватандошларимизнинг муаммаолари билан шуғулланадиган алоҳида вазирлик тузиш ва биринчи вазир қилиб ўзнинг партиядаги ўринбосари Пўлат Охунни тайинлаш ҳақидаги таклифини ҳам билдирган.

Ҳозирги ҳукумат кеч бўлса ҳам “Бирлик” ва “Ҳаракат” кўрсатган йўлга ўтаёгани мақтовга сазовор. Ҳукумат шундай қадам қилаётгани - “Бирлик” ва “Ҳаракат”нинг яна бир ғалабасидир.