27 November 2014
22:50 - Яхши хабар: Ўзбекистон делегацияси Анқарада
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, 2014 йилнинг 27 ноябрь куни Анқара шаҳрига ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги делегацияси Туркия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Кемал Айдин билан учрашган. Икки мамлакат ташқи ишлар маҳкамалари ўртасидаги сиёсий консултацияларнинг 7-босқичи давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва кенгайтириш истиқболлари ҳамда БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

Мулоқот чоғида бўлажак ўзаро учрашувлар жадвали ва тайёргарлик жараёни кўриб чиқилди. Шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди, дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида. Аммо хабарда Ўзбекистон томонидан делегация таркибида кимларнинг борлиги ҳам, уларнинг рутбаси ҳам тилга олинмайди.

Шу пайтгача Туркия билан алоқаларини энг паст савияда ушлаб турган Ўзбекистон ҳукумати алоқаларни кенгайтиришга ҳаракат қилаётгани олқишга сазовордир. Кейинги қадам Туркий тилли давлатлар ташкилотининг фаолиятига қўшилиш бўлиши керак.