24 November 2014
22:33 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Юртим эртасидан очганда фоллар”

1
Юртим эртасидан очганда фоллар,
Ёқамни қўйвормас сўнгсиз саволлар.
Эркимиз бўғзидан тортаркан пичоқ,
Қайдан бахтин топсин бечора ҳоллар?

2
Сўзларинг замонга жуда ҳам мосдир,
Қўллар амалиётинг ўзингга хосдир.
Ҳеч инкор қилмаймиз сўзларинг, чунки
Мутъелик бизларга ота меъросдир.

3
Юртимиз жаннат, деб йиртгунча тамоқ,
Деҳқоннинг қайнаган қозонига боқ.
Чиндан ҳам шу юртнинг фарзанди бўлсанг,
Сен мени ёлғонга ўргатма, ўртоқ.


4
Қирлардан кетса-да қорларнинг изи,
Кўнгилдан кетмади зорларнинг изи.
Эсга тушса ҳамон зирқирар юрак,
Бошларга тортилган дорларнинг изи.

5
Чиндан ҳам кўп экан гумроҳлар бунда,
Лаҳзада турланар гувоҳлар бунда.
Ёлғонлар рост эрур, ростлар-чи ёлғон,
Савоб саналаркан гуноҳлар бунда.

6
Жами қонунларнинг энг зўри бизда,
Жаҳонни ҳайратга солар кўлами.
Европа изидан етардик тезда,
Агар ишлаганда битта ўрами.

7
Сўзлар тўмтоқ бўлса тилнинг айбидир,
Султон нодон бўлса элнинг айбидир.
Тизи қалтираса битта йўталдан,
Хожасининг эмас, қулнинг айбидир.

8
Устидан кулма сен гар эгни ямоқ,
Сиртдан баҳо бермай, қалби ичра боқ.
Тўрда ўлтирарди зар чопон кийиб,
Яшашдан мақсади бўлганда тамоқ.

9
Не сабабдан доим юрасиз деб жим,
Саволлар берасан тинмай, бетиним.
Мудом тилим тишлаб ўтгандан умрим,
Соқовга айланиб қолганман, иним.

10
Қабоҳатлар босиб кетди юртни деб,
Юрма мудом ўз бағрингни ўзинг еб.
Бу кунларга шукур айла, азизим,
Кунлар келар қонлар тожга бўлар зеб.

1978 – 2014 йиллар
Кенжабий
kenzhabiy@gmail.com