24 November 2014
20:30 - Ислом Карим расмий ташриф билан Қозоғистонга келди, аммо қозоқ ахборот воситалари жим, Нурсултон Назарбой Россиялик ва Чехиялик меҳмонлар билан овора
Ўзбекистон ахборот воситалари тарихда кўрсатилмаган тезкорлик билан Ислом Карим Остонага етиб келгани, уни Бош вазир Карим Масимов аэропортда кутиб олгани, кейин Нурсултон Назарбой билан учрашганини хабар қилдилар. Хабарларга бир неча йил аввалги учрашувда олинган расм қўйилган ва ташриф доирасидаги асосий учрашувлар эртага бўлиниши айтиб ўтилган. Аммо, тезкорлиги билан танилган Казинформ агентлиги жим. Ислом Карим Остонага етиб келгани ҳам хабар қилинмади.

Лекин, бу агентликнинг бугун кечқурун тарқатилган каттагина хабари Нурсултон Назарбой Россия Давлат Думасининг раиси Сергей Наишкин билан учрашгани ҳақида. Тарафлар савдо соҳасидаги муаммоаларни тилга олишибди, Россиялик меҳмон Нурсултон Назарбойни Евросиё иқтисодий интеграциянинг бош ташаббусчиси сифатида мақтабди.

Айтгандай, дейди мухбиримиз, ҳозир дунёнинг сиёсий марказларидан бирига айланаётган Остонада Чехия президенти Милош Земан ҳам бор. Нурсултон Назарбой у билан учрашгани ҳақида тафсилотлари хабарлар эълон қилинмоқда. Чехия ва Ўзбекистон президентлари ҳам Остонада учрашиб олишлари мумкинлиги ҳақида Тошкентда гаплар юрибди. Аммо бу гапларнинг расмий асоси йўқ.

Хуллас, қозоқ хабарчилари Ислом Карим билан ишлари ҳам йўқ. Давлат раҳбари қўшни мамлакатнинг президенти билан учрашиб, бу ҳақда расмий хабар берилмаслиги қозоқ хабарчилиги нуқтаи назаридан умуман тушуниб бўлмайдиган нарса.