24 November 2014
08:08 - “Бирлик” ва “Ҳаракат”нинг яна бир ғалабаси: Ўзбекистонда Ялпи Ички Маҳсулот 9 ойда 100,309 триллион сўмни ташкил этгани эълон қилинди

Ҳамма гап шундаки, Ўзбекистон режими шунча йилдан бери иқтисоднинг асосий кўрсатгичи бўлган Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) ҳажмини ўз халқидан бекитиб келар эди. Президент Ислом Карим ҳар йил оғзини кўпиртириб, бизда ЯИМ 8 фоизга ортганини айтса ҳам, унинг абсолют миқдорини айтмасди.

“Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги Жаҳон Банки маълумотларига асосланиб, Ўзбекистонда ЯИМ 2011 йилда 43 млрд доллар атрофида, Қозоғистонда эса сал кам 184 млрд доллар эканлигини 2 йилча аввал биринчи бўлиб очиқладилар. Киши бошига ЯИМ бўйича қозоқлардан 8 баравар орқада эканлигимиз, яъни қашшоқ давлат эканлигимиз маълум бўлди.

Бу рақамларни халқдан бекитиб келаётган, демак, аҳволни ўзгартириш учун ҳеч нарса қилишни ҳам ўйламаётган Ўзбекистон ҳукумати ”Ҳаракат” сайтида жиноятчи деб эълон қилингандан кейин, ҳеч ким ўқимайдиган қўғирчоқ сайтлардан бири орқали шу йилнинг ўрталарида биринчи марта Ўзбекистонда ЯИМ қанча эканлигини эълон қилди. Лекин ёлғон гаплар қўшилиб, Ўзбекистон Қозоғистонга 20 йилдан кейин етиб олиши айтилди. Ваҳоланки, орамиздаги фарқ камаймаяпти, аксинча, ортиб бормоқда. Жараёнлар шундай давом этса, 20 йилдан кейин қозоқлардан 20-30 баравар орқада бўламиз. Аҳолининг ўртача ойлиги бўйича ҳам 20-30 баравар орқада бўлишимизни инобатга олсак, ўзбеклар ёппасига қозоқларнинг мардикорларига айланиши шубҳасиз.

Ҳозир Ўзбекистон Давлат Статистика Қўмитаси мамлакатда 2014 йил биринчи 9 ойида ЯИМ ҳажми жорий нархларда 100,309 триллион сўмни ташкил этганини эълон қилди. Ҳеч шубҳасиз, бу “Бирлик” ва “Ҳаракат”нинг ғалабаси, Ислом Карим режими “Бирлик” ва “Ҳаракат” бор экан энди ҳақиқатни бекитиб бўлмаслигини тан олди ва ЯИМга оид рақамларни эълон қилишга мажбур бўлди.

Аммо, Ўзбекистон ахборот воситалари бу рақамни таҳлил қилмасликлари аниқ. Чунки, ҳар қандай таҳлил мавжуд режимни шарманда қилишга хизмат қилади.

Келинг, таҳлилни биз қилайлик. Ўзбекистонда ЯИМ ҳажми 9 ойда 100,309 триллион сўм бўлиптими, бу тақрибан 41 миллард АҚШ доллари демакдир. Мазкур рақам 2013 йил январь-сентябрига нисбатан 8,1 фоизга ортганмиш. Ишлар шундай кетса, йил охиригача ЯИМ 54,7 млрд доллар бўлади.

Прогнозларга кўра, Қозоғистонда ЯИМ бу йил 215 млрд доллар бўлиши кутилмоқда. Демак, киши бошига ЯИМ бўйича бу йил қозоқлардан 9 баравар орқада бўламиз. Бу йил Қозоғистонга ривожланган мамлакатларда 2008 йили юз берган молиявий-иқтисодий инқироз етиб келганлиги сабабли, ВВПнинг ўсиши 4,5 фоиз бўлиши кутилмоқда. Ғарб инқироздан чиққани каби, Қозоғистон ҳам чиқади. Ана ундан кейин бизнинг орқада қолишимиз даҳшатли даражаларга чиқади.

Ислом Карим шу кунларда расмий ташриф билан Қозоғистонга кетмоқда. У ўша ерда бир неча йил қолиб, иқтисодни бошқаришни Нурсултон Назарбойдан ўрганиши керак. Балки, унинг қайтишини ҳам кераги йўқдир.