29 October 2014
21:21 - АҚШ Давлат Департаменти мулозими Васила Иноят ва бир қатор фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди
Бугун АҚШ Давлат Департаментининг Марказий Осиё офиси директори Грейс Шелтон АҚШ элчисининг Тошкентдаги резеденциясида фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди. Учрашувда “Бирлик” Партияси Бош котиби, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноят, бухоролик ҳуқуқ ҳимоячиси Шуҳрат Ғаниев, Тошкентдан Елена Урлаева, “Бирлик” Партияси МКнинг яна бир аъзоси, хоразмлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ҳайитбой Ёқуб ҳамда андижонлик собиқ “Бирлик”чи Саиджаҳон Зайнобиддиновлар ҳам иштирок этишди.

Учрашувда етакчиликни қўлга олган Васила Иноят аввало АҚШ мулозими эътиборини сиёсий маҳбусларнинг озодлиги масаласига қаратиб, халқар ташкилотлар ва демократик мамлакатлар вакилларининг бу масалага эътибори анча пасайгани ва шу туфайли маҳкумларнинг аҳволи оғирлашаётгани, уларга қийноқ қўлланилаётгани хусусидаги мулоҳазаларини баён этди. Шунингдек, Васила Иноят мамлакатдаги эълон қилинган сайлов кампаниясининг мухолифат партиялари иштирокисиз ўтишининг ўзиёқ нодемократик экани, мамлакатда сиёсий ҳуқуқлар масаласи ҳал қилинмай туриб, инсон ҳуқуқлари вазиятининг ўнгланмаслигини таҳлил этиб берди.

Гапнинг пўст-калласини айтсак, дейди мухбиримиз, АҚШлик дипломатнинг асл мақсади Васила Иноят билан учрашиш бўлган. Аммо, аввал ҳам бўлган учрашувлар тажрибаси кўрсатмоқдки, ғарблик меҳмонлар Ўзбекистон режимининг раҳбарлари Васила Иноятнинг исмини эшитгандаёқ эс-хушларини йўқотиб қўйишларини билишгани учун, учрашувга яна бир қатор фуқаролар жамияти вакилларини ҳам таклиф қилишади. Уларнинг бу каби учрашувларида қатнашишлари улар учун ҳам фойдали эканлигини унутмаслик керак.