29 October 2014
07:39 - Бугун Туркияда Жумҳурият байрами, янги президент янги саройга кўчмоқчи, кеча эса, бир кўмир конини сув босди
1923 йил 29 октябрда буюк Отатурк Туркияни жумҳурият (республика) деб эълон қилди, у Туркиянинг биринчи Жумҳурбошқони (Президенти) этиб сайланди. Бугун Туркия Жумҳурияти тузилган куннинг 91 йиллиги нишонланади.

Отатурк замонидан бери президентнинг қароргоҳи Чанқоя Кўшки (кўшк – ҳашаматли уй, сарой деса ҳам бўлади) эди. Ўн йилчадан бери Бош вазир бўлган Ражаб Эрдўғон Анқаранинг Отатурк боғи деб аталган жойида Бош вазир учун қароргоҳ қурдираётганди. Аммо, у яқинда Президент этиб сайлангач, янги қароргоҳга президент сифатида ўзи кўчиб ўтди, Чанқоя Кўшки эса Бош вазирга берилди.

Бугун Ражаб Эрдўғон Президент сифатида янги қароргоҳида биринчи тантанали қабул маросимини ўтказиши керак. Аммо, шу пайтгача қароргоҳнинг расмий номи нима бўлиши номаълум эди. “Оқ сарой “ бўлса керак деган гап-сўзлар оммавий ахборот воситаларида ҳам пайдо бўлишга улгурди. Аммо, кеча Ражаб Эрдўғон номидан ёзилган қабул маросимига таклифномада янги қароргоҳ “Жумҳурбошқони Сарой”, яъни “Президент Саройи” деб аталган. Шундай қилиб, энди Туркияда “Президент Саройи” бор.

Аммо, кеча Туркияда даҳшатли воқеа юз берди. Kaраман вилоятининг Эрменеки туманида бир кўмир конини кон ичидан отилиб чиққан сув босди. Қочганлар қочиб қолди, аммо 18 киши сув босган жойларнинг орқасида қолди. Катта эҳтимоллик билан улар ҳалок бўлгани тахмин қилинмоқда.

Шу сабабдан бир қатор жойларда аввалдан режалаштирилган байрам тантаналари бекор қилинди. Анқарада бўладиган асосий маросимлар бекор қилинмади, аммо иложи борича каматаринлик билан ўтказилиши муқаррар.

Ҳамма мўъжиза бўлишини, кончилар тирик қолишини истамоқда, дуолар қилмоқда. Биз ҳам уларга қўшиламиз.

Расмда – Чанқоя Кўшкининг бугунги кўриниши.