28 October 2014
03:13 - Марказий Сайлов Комиссияси Украина парламент сайловларининг натижаларини қадамма-қадам эълон қилмоқда
Якшанба куни ўтказилган парламент сайловларининг натижалари ҳар бир неча соатда эълон қилинмоқда. Бу натижалар экзит-полл натижаларидан бироз фарқ қилади, холос.

Масалан, экзит-полга кўра, Петр Порошенко блоки 22,2% билан биринчи, Бош вазир Яценюкнинг Халқ Фронти 21,8% билан иккинчи ўринда бўлиши керак эди. Аввал шундай бўлди ҳам, аммо ҳисобга олинган протоколларнинг сони ошиши билан улар ўрин алмашдилар. Аммо, фарқ катта эмас.

Бир соатча аввал эълон қилинган маълумотлар ҳозиргача саналган 78,4 фойиз сайлов протоколларига асосланади. 5 фоизли тўсиқдан ўтиб, Олий Радага кирадиган ташкилотларга берилган овозларнинг фоизи қуйидагича:

Халқ Фронти - 21,93%

Петр Порошенко блоки - 21,56%

Ўз-ўзига ёрдам ташкилоти - 11,07%

Мухолифатчи блок - 9,57%

Радикал партия - 7,41%

"Батькившчина" бирлашмаси - 5,68%

Бу рақамларнинг экзит-полл натижаларидан пичоққа илинадиган фарқи – 5 фоизли тўсиқдан ўта олган ташкилотлар ичига "Свобода" бирлашмаси киролмагани.

Аммо, бундан бошқа жиддий ўзгаришлар бўлмаслиги кутилаётган сайлов натижаларининг асосий хулосаси – Олий Раданинг янги таркибида Европага яқинлашиш тарафдорлари кўпчилик бўлишидир.

Россия таарфдори бўлган коммунистлар биринчи марта Олий Радага киролмасалар керак.