17 October 2014
03:15 - ПАХТА ФРОНТИ: АНТИҚА ТАҲДИД, САВОД ҒОВЛАГАН МИРШАББОШИ ВА МАЗЛУМ ХАЛҚ (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - №37, 15.10.2014)

(Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири А. Аҳмадбоев ўқимасин!)


Ўзбекистон Республикасининг “Умумий ҳарбий мажбурият ҳақида”ги қонун талабига мувофиқ, уруш ҳолатлари ёки бошқа фавқулодда вазиятларда фуқароларга нисбатан оммавий сафарбарлик эълон қилиниши мумкин.

Аксинча, мамлакат Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларида фуқароларга нисбатан бундай сафарбарлик эълон қилинишига йўл қўйилмайди. Бу ҳақдаги саволга назаримизда давлатни бир неча йилдан бери бошқариб келаётган Президент Ислом Каримовдан ҳам, мамлакатда қонунчилик кафолати сифатида учинчи муддатга ишлаётган Бош прокурор Рашитжон Қодировдан ҳам бир хил жавоб бўлиши аниқ.

Аммо Сирдарёда ғалати ишлар бўляпти. Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Р. А. Охунов фуқароларга пахта даласига чиқиб, 60 килограмм пахта териб топширмаса, жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилмоқда. Давлат томонидан подполковник унвони билан таъминланган шахс мазкур таҳдидомуз буйруқни ёзма равишда бермоқдими, демак бу ерда бир гап бор. Балки билмай қолгандирмиз, Ўзбекистон Республикасининг “Умумий ҳарбий мажбурият тўғрисида”ги, “Фавқулодда вазиятлар тўғрисида”ги Қонунларнинг бирига ўзгартириш киритилгандир.

Р.Охунов фуқароларга хонадонма-хонадон юриб тарқатилаётган, тилхатлар олинаётган таҳдидомуз буйруғида пахта териб топшириш талабини бажармаган шахсга нисбатан чора кўрилишини (эҳтимол, жарима, қамоқ ва ҳоказо) таъкидларкан, бу хатнинг ҳуқуқий оқибатларига ҳам ақли етса керак, балки етмас ҳам. Аксинча, бундай зўровонликка бевосита Ўзбекистон Ички ишлар вазири, генерал-лейтенат Адҳам Аҳмадбоев ёки бошқа мутасадди шахслар бел боглаб турган бўлишса керак деган хаёлга борасан киши.

Одамлар эса содда ёки уларнинг вужуд-вужудига қўрқув сингиб кетган: Мирзаободда (балки бошқа туманларда ҳам) ҳамма бундай тилхатга имзо чекиб олишмоқда, унга амал қилишиб мамлакатимиз оқ олтин хирмонининг кўкка бўй чўзишига ўз ҳиссасини қўшишмоқда. “Оқ олтинни олтин қўллар яратади” деган гап бор. Биз уни бироз замонавийлаштириб, “Ғайриқонуний буйруқ ва таҳдидларни милиция бошлиқлари яратади” демоқчимиз”. Ва албатта, бу вокеаларга ўз муносабатларини билдиришларини талаб қиламиз.