22 September 2014
07:12 - Озорбайжон-Европа газ қувурини қуриш бошланди. Россияга яна бир шапалоқми?
Икки кун аввалги хабарларимиздан бирида Туркиянинг янги Бош вазири Аҳмад Довудўғли Озорбайжонга келгани ва Илҳом Алиев билан Озорбайжонни Туркия жойлашган Онадўли ярим ороли орқали Европа билан боғлайдиган газ қувури қуриш ҳақида ҳам гаплашгани, бу газ қувурининг Туркиядан ўтадиган қисмини қуриш 2015 йил 17-18 март кунлари тантанали шаклда бошланишини ёзган эдик.

Кеча Бокуда Жанубий Газ Йўлаги деб ном олган шу газ қувурининг Озорбайжон қисмини қуриш тантанали шаклда бошлангани бу мамлакат ахборот воситалари тарафидан хабар қилинди. 10 мамлакатнинг вакиллари иштирок этган маросимида нутқ сўзлаган Илҳом Алиев бу газ қувури дунё миқёсидаги мегалойиҳа эканлигини айтиб, Европанинг энергетик хавфсизлигини таъминалаш нуқтаи назаридан муҳимлигини алоҳида урғулаган.

Табиий, Европанинг энергетик хавфсизлигини таъминлаш - уни Россияга боғлиқликдан қутқаришдир. Шу маънода янги Жанубий Газ Йўлагининг қурилиши Россияга яна бир шапалоқми? Ҳа, шапалоқ, аммо бу шапалоқнинг кучи қандай?

Озорбожонда тарқатилган хабарларда айтилишича, бу мамлакатдаги исботланган табиий газ заҳираларининг ҳажми 2,5 трлн кубометр бўлиб, тахминларга кўра 4-5 трлн кубометрга чиқиши ҳам мумкин экан. Эслатиб ўтиш керакки, дейди “Ҳаракат” мухбири, Россиянинг табиий газ заҳиралари 151,3 трлн кубметр, бу дунё газ заҳираларининг 40 фоизидир.

Демак, бу лойиҳа Россия учун кучли шапалоқ эмас. Аммо, ҳозир Европа энергетик хавфсизлигини таъминлаш учун кўп йўналишларда иш олиб бормоқда. Қолаверса, кейинчалик Жанубий Газ Йўлагига Туркманистон ва Ўзбекистонни ҳам боғлаш мумкин. Шундай қилинса, шапалоқ фақат Россияга эмас, Хитойга ҳам тушади. У ҳолда, Россия газини асосан Хитойга сотадими?

Ҳа, олдимизда ҳали катта сиёсий ўйинлар бор.