21 September 2014
16:45 - Афғонистоннинг янги президенти ўзбеклар тарафидан қўллаб-қувватланаётган Ашраф Ғани Аҳмадзий бўлади

Reuters агентлигининг хабарида айтилишича, Афғонистонда ўтказилган президент сайловларининг охирги турида икки номзод - Ашраф Ғани Аҳмадзий ва Абдулло Абдуллоҳ учун берилган овозларни БМТ вакиллари иштирокида қайтадан санаш кеча тамомланди. Натижалар бугун эълон қилинса керак.

Аммо, Ашраф Ғани Аҳмадзий президент бўлиши ҳозирданоқ маълум бўлди. Чунки, бугун бироз аввал Ашраф Ғани Аҳмадзий (расмда - ўнгда)ва Абдулло Абдуллоҳ янги ҳокимиятда биргаликда ишлаш, қўполроқ қилиб айтсак, уни бўлиб олиш ҳақидаги шартномани имзоладилар. Имзолаш маросими жорийдаги президент Ҳамил Карзайнинг иштирокида бўлди, маросим телеканаллар орқали бутун халққа кўрсатилди.

Бу маросим Ашраф Ғани Аҳмадзий янги президент бўлишини кўрсатгани ҳамма тарафидан тан олинмоқда. Инаугурация маросими яқин кунларда бўлиши айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ашраф Ғани Аҳмадзий сайловларнинг иккала турида Афғонистон ўзбекларининг лидери Абдурашид Дўстим тарафидан қўллаб-қувватланган эди. Сайловларнинг 5 апрелда ўтказилган биринчи турида тожик аслли Абдулла Абдуллоҳ 45,0 фоиз овоз билан биринчи ўринни, пуштун аслли Ашраф Ғани 31,6 фоиз овоз билан иккинчи ўринни эгаллади. Бироқ, иккинчи турда Ашраф Ғани кутилмаганда 56,44 фоиз овоз билан ғалаба қозониши Абдулло Абдуллоҳ тарафидан тан олинмади ва унинг талаби билан овозларни қайтдан санашга келишилди. Энди умид қилиш керакки, сайлов билан боғлиқ ҳамма жанжаллар орқада қолди.

Аммо, Афғонистоннинг олдида бундан ҳам катта муаммолар тургани ҳаммага маълум.