20 September 2014
19:23 - Кеча Жанубий Кореяда XVII Осиё ўйинлари очилди, бугун спортчиларимиз дастлабки медалларни олишди
Ўйинлар Инчеон шаҳрида бўлмоқда. Бу ерга Осиё қитъасининг 45 мамлакатидан 13 мингдан кўпроқ спортчи ва делегация аъзолари етиб келди. Очилиш маросимида Ўзбекистон байроғини Олимпия ўйинларининг икки карра совриндори, икки карра жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, дзюдочи Ришод Собиров кўтариб юрди. Ўзбекистон терма жамоаси 228 спортчидан иборат бўлиб, улар 32 спорт тури бўйича мамлакатимиз шарафини ҳимоя қиладилар, дейилади ЎзАнинг хабарида.

Бугун спортчиларимиз дастлабки медалларни ҳам қўлга киритдилар. Оғир атлетикачи Маҳлиё Тоғаева 48 килограммгача бўлган вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритди. У 187 килограмм умумий натижа кўрсатди. Дзюдочилар ўртасидаги беллашувларда таниқли спортчимиз Мирзоҳид Фармонов (66кг) ҳам бронза медалининг соҳиби бўлди.

Афсуски, ЎзАнинг хабарига Ўйинларнинг очилишида олинган биронта расм ҳам қўйилмаган.