20 September 2014
06:24 - Туркиянинг янги Президенти каби, янги Бош вазири ҳам биринчи сафарини Озорбайжонга қилди
Бу мамлакатнинг янги Президенти, аввалги Бош вазири Ражаб Эрдўғон Президент сифатидаги биринчи сафарини Шимолий Қибрис Турк Жумҳуриятига қилган бўлса ҳам, бу сафар рамзий қадам эди. Шу сабабли, унинг Озорбайжонга ташрифини биринчи чет эл сафари дейиш мумкин.

Туркиянинг янги Бош вазири Аҳмад Довудўғли ҳам биринчи чет эл сафарини кеча Озорбайжонга қилди. У Озорбайжон президенти Илҳом Алиев билан бошга-бош учрашгандан кейин берган матбуот конференциясида бу икки мамлакат биргаликда амалга ошираётган ва дунё аҳамиятига эга бўлган лойиҳаларга урғу берди.

У авваламбор Озорбайжон нефтини Гуржистон орқали Туркиянинг Ўртаер денгизидаги Жайхун портига етказиб берувчи қувур бир неча йидан бери ишлаётганини гапирди.

Ҳозир Кавказни Болқонлар билан Туркия жойлашган Онадўли ярим ороли орқали боғлайдиган ТАNAP (Трансонадўли газ қувури) лойиҳаси амалга оширилаётганини гапирган Аҳмад Довудўғли, бу газ қувурининг Туркиядан ўтадиган қисмини қуриш 2015 йил 17-18 март кунлари тантанали шаклда бошланишини таъкидлади. Марамара денгизининг тагидан туннеллар орқали ўтадиган Баку-Қарс темир йўли келажакда Пекинни Лондон билан боғлашини ҳам эслатди.

Шу ерда у Арманистога бир шапалоқ уриб ўтишдан ҳам чекинмади ва шундай деди: “Арманистоннининг агрессияси давом этар экан, у бу лойиҳаларнинг ташқарисида қолаверади. Озорбайжоннинг ҳудудий бутунлиги тан олинсагина, Арманистон бу лойиҳаларда иштирок этиши мумкин. Озорбайжон ўз ерларининг охирги қаричини озод қилмагунча Туркия унинг ёнида бўлади.”

Икки лидер мудофаа саноати бўйича ҳамкорлик қилиш масалаларини ҳам муҳокама қилишибди. Табиий, бу ҳақда ҳеч қандай тафсилотлар тилга олинмади.