19 September 2014
15:40 - Шотландия Буюкбритания ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидан чиқишни истамади

Кеча Шотландияда ўтказилган референдумда сайлов ёшида бўлганларнинг 84,59% иштирок этиб, уларнинг 55,3 фоизи, яъни 2 миллиондан бироз кўпроғи Буюкбритания ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигида қолиш учун овоз берди. Мустақиллик учун овоз берганларнинг сони 1,6 миллиондан бироз кўпроқ бўлибди.

Маълумки, Шотландия бир вақтлар мустақил қироллик бўлган, 1707 йилдан бери Бирлашган Қиролликнинг ичида, аммо етарлича мустақилликка эга бўлган автоном минтақадир. 1999 йилдан бери ўз парламенти ҳам бор. Ҳозир аҳолиси 5,3 млн атрофида.

Мустақиллик учун референдум ўтказиш ғояси ҳозир ҳокимиятда бўлган Шотландия Миллий Партияси томонидан кўтарилган эди. Экспертларнинг фикрича, мустақиллик учун кураш давом этаверади, аммо Югославияда бўлган ёки Украинада бўлаётгани каби қонли воқеалар Шотландияда бўлмайди.

Расмда – Шотландиянинг байроғи.