18 September 2014
19:40 - Ўзбекистонда сиёсий партиялар, тўғрироғи, қўғирчоқ партиялар имзо тўплашга киришди
Бугун Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги тарафидан Марказий сайлов комиссияси мамлакатдаги сиёсий партиялар вакилларига сайловчилар имзосини тўплаш учун имзо варақалари берилгани ҳақида хабар тарқатилди. Бу жараён сиёсий партияларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловда иштирокини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилмоқда.

Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган барча сиёсий партиялар - Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси парламент сайловида иштирок этиш истагини билдирдишган, дейилади хабарда.

МСК котиби Комилжон Одиловнинг таъкидлашича, қонунга биноан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинадиган кундан камида тўрт ой олдин рўйхатга олинган сиёсий партиялар депутатликка номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга. «Сиёсий партия сайловда уни қўллаб-қувватлайдиган сайловчиларнинг камида 40 мингта имзосини тўплаши зарур, - деди К.Одилов. - Бунда Ўзбекистоннинг битта маъмурий-ҳудудий тузилмасида, яъни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ёки Тошкент шаҳрида тўпланган имзолар сони талаб этилган имзолар сонининг саккиз фоизидан ошмаслиги белгиланган».