17 September 2014
22:17 - Ташқи ишлар вазирига биринчи ўринбосар тайинланди
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Алишер Курманов Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизматига кўра, мазкур лавозимда вақтинча ўтирган Дилёр Ҳакимов эса вазир ўринбосари лавозимига сурилди.

2014 йил 29 июль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳайъати кенгайтирилган мажлисида Алишер Қурманов вазир ўринбосари этиб тайинланганди. Афтидан, Қурманов ва Ҳакимовнинг ўрни алмаштирилган. Ташқи сиёсат-у дипломатия ваколатлари шахсан Ислом Каримнинг ўзида бўлган Ўзбекистонда исми-шарифнинг фарқи йўқ, дейди воқеага нисбатан мухбиримиз.

Маълумотларга кўра, Алишер Курманов 2013 йил декабрь ойида Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси этиб тайинланган. Бундан аввал у Сингапур ва Австралияда ҳам элчи лавозимида фаолият олиб борган.