29 August 2014
07:44 - Россиянинг ичида ҳам Путинга қарши кураш жиддийлашмоқда

Россия қўшинларининг Украинага олиб кирилиши юрт ичида ҳам Путинга қарши курашни юқорироқ даражага олиб чиқадиганга ўхшайди. Кеча 5 кишилик гуруҳнинг “Украина халқига мурожаат” номли баёноти шунининг далолатларидан биридир. Иккинчиси - Михаил Ходорковскийнинг “Ортиқ жим туришни истамайман ва жим турмайман” номли баёнотидир.

Биринчи баёнотни машҳур ҳуқуқ ҳимоячиси Людмила Алексеева, Россиянинг собиқ Бош вазири Михаил Касьянов (расмда), таниқли тарихчи олим Андрей Зубов, таниқли жамоат арбоби Георгий Сатаров ва таниқли сиёсатшунос Лилия Шевцова имзолаган. Улар Путиннинг сиёсатини рус халқига нисбатан хоинлик деб баҳолаб, ўзлари Украина халқи тарафида эканликларини гапирадилар.

Россиянинг собиқ энг катта бойи Михаил Ходорковский ҳозир чет элда яшаётган бўлса ҳам, Россия ичида Путинга қарши ҳаракат ташкил этишга қурби етадиган одам. У Россия ҳукмдорлари 80-чи йилларда Афғонистонда, 90-чи йилларда Чеченистонда бўлгани каби, Украина масаласида ҳам ёлғон гапиришаётганини урғулар экан, икки қардош халқни бир-бирига душман қилаётган Путинни қоралайди, ўзи энди жим турмаслигини урғулайди.