28 August 2014
22:09 - Тошкентда Ҳамза туманининг номи ўзгаради

“Ҳаракат” агентлиги шу йилнинг апрель ойида пойтахтнинг Ҳамза тумани номи Яшнабодга ўзгартирилиши ҳақида хабар қилганди. Шу кунларда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида бу ҳақдаги қарор Ўзбекистон парламенти депутатлари муҳокамасига киритилгани ҳақида ёзмоқда. Шу муносабат билан маҳаллий газеталарда Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий шахсини қоралаш кампаниясига старт берилди.

Куни кеча “Халқ сўзи” газетасида чоп қилинган профессор Муҳаммад Қуроновнинг мақоласида ўзбек совет адабиётнинг асосчиси сифатида қараладиган Ҳамза кескин қораланади. Унинг ўзбеклар онгига совет империяси томонидан зўрлик билан киритилгани таъкидланади. "Ҳамза ҳақида том-том китоблар ва фильмлар ишлашнинг ортида узоқни кўзлаган ғаразли мақсадлар ётган. Яъни, бундай сиёсат замирида “Маҳаллий халқлардан чиққан ёзувчи, зиёли инсон социализмга, Кремль юлдузларига мана шундай садоқат билан хизмат қилиши керак”, деган маккорона бир ғоя борлигини, ўйлаймизки, тушуниш қийин эмас”, дейди Муҳаммаджон Қуронов.