22 July 2014
18:38 - Қашқадарёда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига аъзоликда гумонланганлар судланди
Шу йилнинг 7 июль куни жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди Ўзбекистон Исломий Ҳаракати диний радикал ташкилотига мансубликда айбланган дастлабки 6 нафар шахс устидан ҳукм ўқиди. Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига кўра, фуқаролар Отабек Очилов, Зафар Пўлатов, Бахтиёр Бозоров, Лолахон Қудратова, Нигора Эрназарова ҳамда Азиза Мухитдиновалар 9 йилдан 15 илга қадар муддатларга озодликдан маҳрум қилинган.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 155-моддаси (Терроризм), 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ҳамда 2442-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) бўйича айбланган қашқадарёликлар Россия Федерациясига тирикчилик мақсадида боришиб, гўё 2010-13 йилларда Покистон Ислом Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати” ташкилотига аъзо бўлишган.

Суд ҳукмига кўра, судланувчилар ташкилот ғояларини мигрантлар орасида ёйиб, Ўзбекистондаги вазиятни беқарорлаштириш, конституциявий тузумга тажовуз қилиш ҳамда ўлкада халифатчилик давлатини қуришни режалаштиришган.

Судланувчиларнинг қариндошлари ва адвокатлари улардан қийноқлар воситасида кўрсатмалар олишгани, ҳатто терговчилар уларнинг орасидаги аёлларни зўрлашмоқчи бўлишганини, судланувчиларннг ҳеч қандай оқимга аъзо эмаслигини иддао қилишмоқда. Уларга кўра, ҳозирги кунда Қашқадарёда “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати”га мансубликда гумонланган 70 га яқин шахсга нисбатан тергов ва суриштирув ишлари борилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари жамияти ўз баёнотида буюртма маҳкамаларда кечаётган бундай жараёнларни қоралаб, юқори инстанция судларини Ўзбекистон Республикаси ва халқаро ҳуқуқий нормаларга мутаносиб равишда қарорлар чиқаришга чақирган.